Жаҳон | 18:20 / 25.12.2023
17583
2 дақиқада ўқилади

Навалний Ямал-Ненецдаги режими кучайтирилган колониядан топилди 

У билан 6 декабрдан бери алоқа узилиб қолган эди. 

Фото: Медуза

Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний тирик ва ҳозир Ямал-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган жазони ўташ колониясида сақланмоқда. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Кира Ярмиш хабар берди. 

«Адвокат бугун уни кўрди. Алексейнинг аҳволи яхши», деб ёзди Ярмиш ижтимоий тармоқда. 

«У ерда шароит оғир, доимий музлик зонасида махсус режимли колония. У ерга бориш жуда қийин, хат етказиб бериш ва бошқа алоқа тизими йўқ», деб маълумот берди Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси директори Иван Жданов. 

«Бу одамни дунёдан узиш, изоляция қилишнинг мумкин бўлган энг юқори даражаси. Ҳаммаси шунинг учун қилинди», деб қўшимча қилди Навалний сафдоши Леонид Волков. 

Алексей Навалний билан 6 декабрдан бошлаб алоқа узилиб қолган эди. Дастлаб, бир неча кун давомида унинг адвокатлари турли баҳоналар билан Владимир вилоятидаги жазони ўташ колониясига киритилмади. Кейинчалик, унинг колониядан бошқа жойга кўчирилгани айтилди. Аммо адвокатлар унинг қаерга кўчирилгани ҳақида маълумот олишолмади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид