Исроил армияси Ғазонинг шимолий қисмида деярли тўлиқ оператив назоратга эришгани ва қуруқлик амалиётини секторнинг бошқа ҳудудларига ҳам кенгайтиришга тайёрланаётганини маълум қилди. Бу вақтда Яманда Эрон қўлловида ҳаракатланувчи ҳусийчилар ракета ва дронлар билан Қизил денгиздаги савдо кемаларини ўққа тутишни давом эттирмоқда.
ЦАҲАЛ Ғазо шимолини назорат қилаётганини айтган бўлса-да, Reuters агентлиги хабарига кўра, бу ҳудудга ҳаво зарбалари йўлланиши тўхтагани йўқ. Агентлик маълумотига кўра, якшанбага ўтар кечаси исроилликлар Ғазонинг Исроил билан шимолий чегараси яқинидаги Жабалия шаҳри ҳудудини ўққа тутган.
Жабалияликлар эса исроилликларнинг танклари ҳам шаҳарга киргани ва ўт очаётгани ҳақида хабар беришган.

Исроил ҳарбийлари маълумотларига кўра, ЦАҲАЛ Ғазода катта қаршиликка дуч келмоқда. Исроил мудофаа армияси сектордаги жанглар вақтида яна тўққиз аскари ҳалок бўлганини хабар қилган, эндиликда жами йўқотишлар сони 154 нафарни ташкил этмоқда.
Исроил ҳарбий амалиёт ва Ғазога бостириб кириш бошланганидан буён 700 нафар фаластинлик қўлга олинганини маъулм қилган. ҲАМАС эса исроиллик ҳарбийлар асосан аёллар ва болаларни ўлдираётганини иддао қилади.
Исроил амалиёт давомида Ғазонинг шимолий ҳудудлари аҳолисини хавфсиз жойларга кетишга чақириб келади. Исроиллик ҳарбийлар соҳил бўйлаб жойлашган анклавнинг марказий ва жанубий қисмларидаги нишонларга ҳам зарба бермоқда.
Исроил армияси ҲАМАСнинг Ғазо шаҳрининг Исса туманидаги туннеллари акс этгани айтилган видеони намойиш этди. Аммо Reuters агентлиги видеодаги жой ва сана ҳақидаги маълумотларни тасдиқлай олмаган.
Исроил ҳамасчиларни туннеллар ва бошқа ҳарбий инфратузилма объектларини тинч аҳолидан жонли қалқон сифатида фойдаланиш учун турар жойлар ҳудудларига жойлаштиришда айблайди, ҲАМАС эса бу айбловларни рад этади.
ҲАМАС исроилликларнинг авиазарбалари туфайли гаровдаги беш нафар исроиллик учун масъул бўлган гуруҳ билан алоқани йўқотганини маълум қилган. Исроил ҳарбийлари вакили эса бу даъвони ҲАМАС томонидан «психологик терроризм» деб баҳолаган.
Фаластинликларнинг соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ғазода ҳалок бўлганлар сони 20 258 кишига етди.
Яна минглаб жасадлар вайроналар остида қолиб кетган. Вазирликнинг шанба кунги маълумотномасида айтилишича, бир куннинг ўзида яна 201 киши ўлдирилган ва 368 киши яраланган. Ғазода яшовчи 2,3 млн кишининг деярли барчаси ўз уйларини вақтинча тарк этишга мажбур бўлган.




















