Жаҳон | 12:40 / 26.12.2023
6286
3 дақиқада ўқилади

Мексикада минглаб муҳожирлар АҚШ чегараси марш уюштирди

24 мамлакатдан келган муҳожирлар Мексикада транзит рухсатномаларини бериш қоидаларининг кучайтирилишига қарши норозилик намойиши ўтказди.

Фото: Edgar H. Clemente/AP Photo/picture alliance

Ташкиллаштирилган одамлар колоннаси Мексика жанубидан АҚШ чегарасига ҳаракатлана бошлади. Ташкилотчилар «Қашшоқликдан чиқиш» деб номланган маршда АҚШга йўл олган минглаб муҳожирлар Мексикада транзитда бўлиб турибди, деб хабар берди AFP 25 декабр, душанба куни.

Марш ташкилотчиларининг сўзларига кўра, колоннада 24 давлат, жумладан Африка ва Осиё мамлакатлари вакиллари ҳам бор. Reuters агентлиги Мексиканинг минтақавий расмийларига таяниб, юришда 8 мингдан ортиқ киши қатнашаётганини ёзмоқда. Улар Тапачула шаҳридан АҚШ чегарасига етиб бориш ниятида. Марш иштирокчиларининг бундан кейинги нияти ҳақида маълумот йўқ.

Акция ташкилотчиларининг сўзларига кўра, «Қашшоқликдан чиқиш» Мексика расмийлари томонидан иммиграция қонунларини кучайтиришга қарши норозиликдир. Фаолларга кўра, бир муддат аввал улар хорижликларга мамлакат орқали транзит ўтиш учун рухсатнома беришни тўхтатган.

АҚШ Мексикадан муҳожирлар транзитини чеклашни талаб қилмоқда

Мексиканинг транзит қоидаларини кучайтириши АҚШнинг жанубий чегара орқали ноқонуний муҳожирлар оқимини камайтириш талаблари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Сўнгги ҳафталарда Қўшма Штатларда бу масала бўйича қизғин мунозаралар бўлиб ўтди - АҚШ Конгрессидаги Республикачилар партияси вакиллари чегарадаги вазият туфайли Украинага Россиядан ҳимояланиш учун ёрдам ажратишни маъқуллашдан бош тортди.

Ноқонуний миграция масаласи 27 декабр, чоршанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва АҚШ ички хавфсизлик хизмати вакилларининг Мексика президенти Андрес Мануэл Лопес Обрадор билан учрашувида муҳокама қилинади. Обрадор аввалроқ Мексика бу соҳада қаттиқроқ чоралар кўришини айтган эди.

Америка чегара хизмати вакилларига кўра, ҳар куни ўн мингга яқин одам Мексика ва АҚШ ўртасидаги чегарани кесиб ўтади.

Европа ҳам миграция инқирози ёқасида

Европа Иттифоқи ҳам бир неча ойдан бери ноқонуний муҳожирларнинг келиши билан боғлиқ қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Гап нафақат Ўрта Ер денгизи орқали Европага етиб келган Африка давлатларидан келган муҳожирлар, балки Россиядан уюштирилган тарзда Финландия чегарасига олиб келинган учинчи давлат фуқаролари ҳақида ҳам кетмоқда.

Финландия президенти Саули Ниинистё Россия Федерацияси орқали муҳожирлар оқимини мамлакатнинг НАТОга қўшилиши учун «Кремлнинг қасоси», деб ҳисоблайди. Финландия аввалроқ муҳожирлар оқимининг олдини олиш мақсадида Россия билан чегарадаги барча назорат-ўтказиш пунктларини ёпган эди. Декабр ойи ўрталарида Финландия ҳукумати чекловларни юмшатди, бироқ орадан 24 соат ўтмай назорат пунктини яна ёпишга мажбур бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид