Кёлн соборида терактга эҳтимолий тайёргарлик юзасидан тергов олиб борилаётгани муносабати билан Германия махсус хизматлари 24 декабр куни Кёлндан юз километр узоқликда жойлашган Везел шаҳридаги квартирада тинтув ўтказди ва беш кишини қўлга олди. Кёлн полициясининг 26 декабр, сешанба куни хабар беришича, улардан бири, 30 ёшли тожикистонлик «хавфнинг олдини олиш мақсадида» ҳибсга олинган.

Бу шахс бўйича «давлат ҳимояси нуқтайи назаридан муҳим маълумотлар бор», дея таъкидлаб ўтди полиция матбуот хизмати. Қолган тўрт киши текширувдан сўнг қўйиб юборилди. Қайд этилишича, Кёлн полициясининг талабига биноан Оберхаузен туман суди 25 декабр куни тожикистонликка нисбатан 2024 йилнинг 7 январигача қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини тасдиқлаган.

Жиноий полиция бошлиғи Михаэл Эссернинг сўзларига кўра, полиция терговни катта босим остида олиб бормоқда ҳамда «халқни ва Кёлн соборини ҳимоя қилиш ва яқинлашиб келаётган байрамларда хавфсизликни таъминлаш учун барча қонуний чораларни кўрмоқда».

Аввалроқ Германия ИИВ ГФР ва Австрия разведка хизматлари маълумотларига кўра, Кёлн ва Венада байрам вақтида содир этилиши мумкин бўлган терактлар таҳдиди фонида Германия хавфсизлик идоралари ҳушёрликни оширгани ҳақида хабар берган эди. «Айни дамда терроризм таҳдиди кучаймоқда. Шу муносабат билан барча хавфсизлик идоралари максимал даражада ҳушёрлик билан ҳаракат қилмоқда», - деди вазирлик вакили. 

Кёлн соборида хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Байрамларда одатда 100 000 га яқин ташриф буюрувчиларни жалб қиладиган Кёлн собори аксарият сайёҳлар учун ёпиқлигича қолмоқда. Собор ичидаги экскурсиялар учун олдиндан рўйхатдан ўтганларга истисно мавжуд. Жанубий минорадаги кузатув майдончасига ташриф буюриш ҳозирча имконсиз. Кёлн собори хавфсизлик хизмати раҳбари таъкидлаганидек, «барча тадбирлар режага мувофиқ амалга оширилади».

Кёлн ва Венада огоҳлантириш

23 декабр куни немис ОАВ махсус хизматларга таяниб, Германиядаги Кёлн собори, шунингдек, Венадаги черковлардан бири терактлар нишонига айланиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Кёлн полицияси маълумотларига кўра, шубҳалар террорчилик ҳужуми хавфини кўрсатган, аммо соборда хавфсизлик чоралари 25 декабрда католик ва протестант черковлари томонидан нишонланадиган рождество арафасида кучайтирилган. 

Полиция 24 декабрдан бери соборга ташриф буюрувчиларни текширмоқда. Шу куни кечқурун Кёлн собори полиция ходимлари томонидан итлар билан кўздан кечирилди, бироқ шубҳали нарсалар топилмади.