Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия МСК Надеждинга президентлик сайловлари учун имзо тўплашга рухсат берди
Борис Надеждин Россия Федерацияси президентлигига ўз номзодини рўйхатдан ўтказиш учун имзо тўплаш яқинда бошланишини эълон қилди. Сиёсатчига кўра, Марказий сайлов комиссияси унга сайлов ҳисобини очишга рухсат берган.
Россия Марказий сайлов комиссияси Борис Надеждинга сайлов ҳисобини очиш ва президентлик сайловлари учун имзо тўплашни бошлашга рухсат берди, деди сиёсатчи 28 декабр, пайшанба куни ўзининг Telegram-каналида. «Биз тез орада имзо тўплашни бошлаймиз», деб ёзди у.
Надеждин 23 декабр куни бўлиб ўтган «Гражданская инициатива» партиясининг қурултойида Россия Федерацияси президентлигига номзод сифатида кўрсатилган эди. Сайловда ўз номзодини рўйхатга олиш учун у 100 минг сайловчи имзосини тўплаши керак.
Борис Надеждин 60 ёшда. Физика-математика фанлари номзоди. У Москва физика-техника институти (МФТИ)да ҳуқуқ факултетига асос солган ва 2016 йилгача унга раҳбарлик қилган. У ўша пайтдаги бош вазир Сергей Кириенконинг ёрдамчиси эди.
Россия президенти сайловларида бошқа номзодлар
23 декабр куни Марказий сайлов комиссияси журналист Екатерина Дунцовага расмий сабабларга кўра сайлов учун имзо тўплашга рухсат бермагани ҳам маълум бўлди. 27 декабр куни Россия Федерацияси Олий суди Дунцованинг МСКга қарши даъвосини рад этди.
Ҳозирги давлат раҳбари Владимир Путин ҳам сайловларда номзод сифатида қатнашмоқда. Россия Либерал-демократик партиясидан унинг раҳбари Леонид Слуцкий, РФКПдан - Николай Харитонов, «Новые люди»дан - Давлат думаси вице-спикери Владислав Даванков олий лавозимга номзод сифатида кўрсатилган.
«Российский общенародный союз» консерватив партияси бўлажак сайловларга ўз раиси Сергей Бабурин номзодини кўрсатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Москвада Донецкдаги россияпараст айирмачиларнинг собиқ ҳарбий раҳбари Игор Стрелков (Гиркин) номзодини кўрсатиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Ташаббус гуруҳи йиғилиш иштирокчиларидан 566 нафар имзо тўплади, бироқ нотариуслар буни тасдиқлаш учун келмади.
Президент сайловида овоз бериш 2024 йилнинг 15 мартидан 17 мартига қадар, илк бор уч кун давомида ўтказилади.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025