«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фуқаролик жамияти, бизнес, ОАВ вакиллари ва экспертларнинг 2023 йилда Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар юз бергани ҳамда 2024 йилда яна нималар ўзгаришини кутаётгани ҳақидаги фикрини билиш мақсадида сўров ўтказди. Асосий кутилмалар – коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ.
Сўровда жамоат арбоблари, сиёсатчилар, журналистлар, блогерлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бизнес ва академик ҳамжамиятнинг 260 нафар вакиллари иштирок этди. Улар орасида Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова, ЎзА Бош директори биринчи ўринбосари Хушнуд Худойбердиев, сиёсатшунос-экспертлар Камолиддин Роббимов, Фарҳод Толипов, Юрий Саруханян, депутат Дониёр Ғаниев, инсон ҳуқуқлари бўйича юрист Дилфуза Қуролова, гендер масалалари бўйича эксперт Камола Алиева, журналист ва блогерлар Муҳрим Аъзамхўжаев, Қобил Хидиров, Ёрқин Содиқов, Азиз Қаршиев, ННТ раҳбарлари Ойбек Исоқов, Наталя Свиридова ва бошқалар бор.
Респондентларга ҳар бир тақдим этилган саволлар жавобларини 3 тагача танлаш, шунингдек, бошқа, яъни ўз таклифини киритиш имкони берилди.
Сўров натижаларига кўра, мамлакатда якунланаётган йилнинг асосий ўзгаришлари қуйидагилар:
- Референдум ўтказилиб, Конституция янги таҳрирда қабул қилингани – 70,3 фоиз;
- Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонун кучга киргани – 59,7 фоиз;
- Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгани – 45,9 фоиз.
Шунингдек, экспертлар жорий йилда Ўзбекистонда энергетика тизимини яхшилаш, хусусан, йирик қувватдаги қуёш ва шамол электр станциялари фойдаланишга топширилгани (36,2 фоиз), уюшган жиноятчиликка қатъий курашиш, «кўча» жиноий гуруҳларидан тозаланаётгани (33,2 фоиз), Давлат байроғи мақоми оширилиши, байроқдан кенг фойдаланиш имконияти яратилгани (32,1 фоиз)ни эътироф этган.
Айрим респондентлар қўшни давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланиши, Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси делимитацияси ва икки давлат фуқароларининг чегарадан ID-карта орқали ўтиш имконияти яратилгани ҳамда маъмурий ислоҳотлар – ҳукуматга бўйсунувчи давлат бошқарув органлари сони 61 тадан 28 тага камайтирилиши аввалги йиллардаги таклифларнинг ижобий натижаси деб ҳисоблаган.

«2024 йилда қандай ислоҳотларни кутяпсиз?»
Бу саволга респондентларнинг 63,3 фоизи «Коррупцияга қарши муросасиз курашиш, барча бўғинларда “тозаловлар” ўтказиш» деган жавобни танлаган.
















