“Бола ҳуқуқлари бузилишининг бошланғич нуқтаси ота-оналар ўз фарзандини мулки сифатида кўриши билан бошланади. Бола ўз ҳаётига оид бўлган кичик ва катта қарорлар қабул қилишда иштирок этмайди. Бу – бизнинг жамиятдаги умумий тафаккур. Давлат қонунчиликни қатъийлаштириши билан масала тўлиқ ҳал бўлмайди, жамият ҳам бунга жавоб бериши лозим”. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг Kun.uz'га берган интервюсини томоша қилинг.
Тобора ўзгариб бораётган дунёда инсон ҳуқуқлари, шунинг баробарида болалар ҳуқуқларини таъминлаш долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Хусусан, сўнгги вақтларда Ўзбекистон болалари билан содир бўлаётган воқеалар фонида мамлакатимизда ҳам бу масала жамоатчиликнинг кун тартибида бўлиб турибди.
Хўш, ҳозирда ўзбек болалари етарлича ҳимоя қилиняптими? Омбудсманнинг жараёндаги роли қандай бўляпти? Kun.uz айни шу мавзу атрофида бутун республикадаги вазиятни таҳлил қилиш, муаммоларни кўтариш мақсадида болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова билан суҳбат ташкил қилди.
– Болалар омбудсмани этиб тайинланганингизга ҳам 2 ой тўлди, иш бошлагач Ўзбекистондаги ҳолатни ўргандингизми? Болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ айни вазиятни қандай баҳолайсиз? Бу борада нималар бизнинг асосий муаммоларимиз бўлиб қолмоқда?
— Бу лавозимда иш бошлаганимга 2 ой бўлган бўлса, шу вақт давомида бу тизимни ўргандик, кутувларимиз бор. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бошқа соҳалар қатори болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаси ҳам тубдан ислоҳ этилди. Қатъий равишда давлат бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиши зарур, деган позиция яратилиб, шу эътироф этилмоқда.

Болалар ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари учун жазолар қатъий ва оғирлаштирилган бўлса-да, бу асосан оқибат билан ишлаш ҳисобланади. Аслида муаммонинг илдизи, зўравонлик ҳолатлари келиб чиқишига сабабларини ўрганиш лозим. Менимча, бунинг илдизи ижтимоий-тарихий тафаккур билан боғлиқ. Бизнинг жамиятда болага нисбатан тўлақонли инсон, шахс деб қараш йўқ, бола ота-она қарамоғида бўлган кичик бир одам, деб қаралади, унинг фикрлари, муносабати деярли инобатга олинмайди. Яъни жамиятнинг тенг аъзоси сифатида кўрилмайди.
Бу ёндашув бола туғилгандан вояга етгунга қадар давом этади. Боланинг нима кийишидан тортиб ким билан оила қуришигача ота-оналар, яқинлар, жамият ҳал қилади. Бола ўз ҳаётига оид бўлган кичик ва катта қарорлар қабул қилишда иштирок этмайди. Бу бизнинг жамиятдаги умумий тафаккур. Бу нарса ҳатто болага бир буюмдек қараш ҳолатларига ҳам ўтиб кетади баъзида. Бола алоҳида шахс сифатида эътироф этилмагандан кейин табиий равишда унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам эътироф этилмайди. Бола ҳуқуқларининг бузилиши шундан бошланади.














