Украинада урушнинг 677-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Белгородда 30 декабр кунги зарбалар вақтида жароҳат олган тўрт ёшли қизча вафот этди. Шаҳар марказига йўлланган зарба оқибатида ҳалок бўлганлар сони 25 кишини ташкил этмоқда.
- Путин Белгородга 30 декабр куни берилган зарбаларни теракт деб баҳолади. У Украина бўйлаб зарбалар кўпайтирилиши билан таҳдид қилди.
- Янги йил кечаси Украина дронларнинг ёпирилма ҳужумига учраган. Украина қуролли кучлари 87 та дрон уриб туширилганини маълум қилган.
- Одесса областида дронлар ҳужуми оқибатида бир ўсмир ҳалок бўлиб, яна уч киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган.
- Донецк маркази ҳам янги йил кечаси зарбага учради. Тўрт киши ҳалок бўлган.
- Украинадаги урушда 2005 йилда туғилган россиялик контрактник ҳалок бўлди, деб хабар берган BBC рус хизмати. Нашрнинг ёзишича, бу 2005 йилда туғилган ҳарбийлар орасида қайд этилган илк ўлим ҳолатидир.
- Белгород бўйлаб зарбадан кейин Россия шаҳарларида янги йил салютлари ва байрам тадбирлари бекор қилинган.
- Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг маълум қилишича, Россия судлари 200 дан ортиқ украин ҳарбийларни узоқ муддатларга қамаш тўғрисида ҳукмлар чиқарган.
Донецк бўйлаб зарбалар
«ДХР» расмийлари маълум қилишича, Украина қуролли кучлари янги йил кечаси Донецк марказини ўққа тутган. «Донбасс Палас» меҳмонхонаси, шаҳарнинг Калининский ва Буденновский районлари зарбага учраган. Ўзини ўзи республика деб эълон қилган ҳудуд раҳбари Денис Пушилин Украина ҚК шаҳарни кассетали снарядлар билан ўққа тутганини айтган. Зарба оқибатида тўрт киши ҳалок бўлиб, 13 киши яраланган. ТАСС хабарига кўра, ҳалок бўлганлардан бири — журналист, яна бир журналист яраланган.
«Фақат террорчи ваҳшийлар шундай йўл тутиши мумкин», — деган РФ ТИВ расмийси Мария Захарова. У Украина ҳудудлари 1 январга ўтар кечаси Россия қўшини томонидан ўққа тутилгани юзасидан тўхталиб ўтирмаган.











































