Ўзбекистонда 2023 йил давомидаги инфляция 8,77 фоизни ташкил этди, дейилади Статистика агентлиги 31 декабр куни эълон қилган ҳисоботда. Бу – 2016 йил август ойидан кейинги даврдаги энг паст расмий инфляция кўрсаткичи демакдир.

Агентликка кўра, декабр ойида истеъмол секторидаги нархлар ўртача 1,2 фоизга ошган.

Статистика органининг қайд этишича, 2023 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари 9,7 фоизга, ноозиқ-овқатлар 7,7 фоизга, хизматлар 8,7 фоизга қимматлашган.

Йил давомида озиқ-овқатлардан гўшт маҳсулотлари нархи 9,1 фоизга, балиқ ва денгиз маҳсулотлари 7,7 фоизга, сут ва сут маҳсулотлари, шунингдек, тухум 11,2 фоизга, мевалар ва ёнғоқлар 37,1 фоизга, шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар 9 фоизга, спиртсиз ичимликлар 5,9 фоизга ошган. Ёғлар ва мойлар 9,7 фоизга, сабзавотлар 1,4 фоизга арзонлашган.

Алоҳида маҳсулот турларига қаралса, 2022 йилнинг декабрига нисбатан гуруч ва гуруч оқшоғи 38,7 фоиз, хом, янги соғилган сут 13,3 фоиз, тухум 11,7 фоиз, шакар 11,0 фоиз, мол гўшти 9,3 фоиз, қўй гўшти ҳам 9,3 фоизга қимматлашган. Буғдой уни 1,1 фоизга арзонлашган бўлса, кунгабоқар ёғининг нархи 17,8 фоизга тушган.

2023 йилда энг кўп қимматлаган мева-сабзавотлар – анор (+203,3 фоиз), лимон (+128,9 фоиз), помидор (+40,2 фоиз), банан (+12,7 фоиз), мандарин (+10,9 фоиз), бодринг (+6,7) ва карам (+6,7 фоиз) бўлган.

Бақлажон (–44,3 фоиз), булғор қалампири (–43,2 фоиз), пиёз (–40,7 фоиз), сабзи (–15,5 фоиз) ва картошка (–14,7 фоиз) йил давомида сезиларли арзонлашгани кузатилган.

2023 йилда таълим соҳасидаги хизматлар 2,5 фоизга, кийим ва пойабзал нархлари 6,2 фоизга, турар жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёнилғи турлари 6,4 фоизга, соғлиқни сақлаш гуруҳидаги нархлар 9,7 фоизга, дам олиш, спорт ва маданият гуруҳида 10,1 фоизга, транспорт соҳасида 15,1 фоизга, ресторан ва меҳмонхона хизматлари 19,6 фоизга ошган; ахборот ва алоқа йўналишидаги нархлар 0,2 фоизга тушгани қайд этилган.

Хусусан, совуқ сув ва канализация хизматлари 65 фоизга, чиқиндиларни олиб кетиш учун тўлов 12,9 фоизга, электр энергияси учун тўлов 2,2 фоизга, иссиқ сув таъминоти учун тўлов 1,1 фоизга кўтарилган.