15:40 / 02.01.2024
15506

Россия самолёти Воронеж области устида ўқ-дориларни ташлаб юборди

«Авариявий ташлаш» натижасида Россия самолётидан авиация ўқ-дорилари учиб тушиб, Петропавловка қишлоғидаги кўчани вайрон қилди.

Фото: Telegram / bazabazon

Россия ҳарбий самолёти Воронеж вилоятининг Петропавловка қишлоғига «самолёт ўқ-дориларини» ташлаб юборди, деб хабар берди 2 январ, сешанба куни минтақа губернатори Александр Гусев.

Снаряднинг «авариявий тушиши» натижасида ҳеч ким жабрланмади, бироқ камида етти хонадонга зарар етди, деди губернатор. «Деразалар, томлар ва бошқа қурилмаларга зарар етган бўлиши мумкин. Маълумотларга аниқлик киритилмоқда», - деб ёзди Гусев.

Россия Мудофаа вазирлиги маҳаллий вақт билан эрталаб соат 9 да Петропавловка узра «авиация ўқ-дориларининг ғайриоддий тушиши» содир бўлганини тасдиқлади. «Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, воқеа жойида комиссия ишламоқда. У етказилган зарарни баҳолайди ҳамда уйларни тиклашда ёрдам беради», - деб таъкидлайди РИА «Новости».

Telegram-каналларда эълон қилинган видеоларда бомбанинг қулаши оқибатлари акс этган ҳолат - вайрон бўлган уйларни кўриш мумкин. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, «кўчанинг ярми» вайронага айланган.

Белгородга Россия бомбаларининг тушиши

2023 йил апрел ойида Белгороднинг марказий қисмида авиабомба портлаб кетган эди, у Россиянинг Су-34 ҳарбий самолёти томонидан шаҳарга ташлаб юборилган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳодисани «авиация ўқ-дориларининг ғайритабиий тушиши» деб атаган. Портлашдан сўнг марказий кўчалардан бирининг чорраҳасида радиуси 20 метр бўлган чуқурлик ҳосил бўлган, портлаш тўлқини тўхтаб турган бир нечта автомобилларга зарар етказган ва электр узатиш симлари устунларини қулатган. 

Эртаси куни бомба тушган жой яқинида яна бир «юқори қувватли ўқ-дори» топилган. У ҳам портламаган ФАБ-500 авиабомбаси экани аниқланган. 17 та кўп қаватли уйнинг 3 мингдан ортиқ аҳолиси эвакуация қилинди. Охир-оқибат снаряд турар жой ҳудудидан олиб чиқиб ташланган ва шаҳар ташқарисида портлатилган.

Апрел ойида Белгород вилоятига тушиб кетган учинчи бомба май ойида – Украина чегарасидан 10 км узоқликдаги Головчино қишлоғида топилган. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top