Жаҳон | 10:27 / 02.01.2024
10154
3 дақиқада ўқилади

Японияда кучли зилзила оқибатида цунами ва қурбонлар қайд этилди

1 январ куни Япониянинг марказий ҳудудларида 7,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Цунами тўлқинлари мамлакат қирғоқларигача етиб келди.

Фото: AFP 2023 / YUSUKE FUKUHARA

Японияда мамлакатнинг марказий қисмида содир бўлган кучли зилзила оқибатида камида 4 киши ҳалок бўлди. Исикава префектураси маъмурияти шундай маълумотларни 1 январ, душанба куни тақдим этди.

Бундан ташқари, қирғоқ бўйлаб содир бўлган силкинишлар цунамига сабаб бўлган. Миллий метеохизмат 3-5 метргача бўлган тўлқинлар хавфи ҳақида огоҳлантирди. Шу куни эрталаб Вадзима шаҳри яқинидаги қирғоқда баландлиги бир метрдан ортиқ тўлқинлар қайд этилган. 

Қутқарув хизматлари қирғоқбўйи ҳудудларидаги одамларни баландроқ жойга кўчишга чақирди. Минтақадаги атом электр станцияларига зарар етмаган, бироқ 36 мингдан ортиқ хонадон электр энергиясисиз қолган. Зилзила акс-садолари бинолар силкинишни бошлаган Токиода ҳам сезилди. Мамлакатнинг айрим ҳудудларида телефон тармоқлари ва интернетда узилишлар кузатилди. Расмийлар етказилган зарар миқдорини аниқламоқда. 

Цунами ҳақида огоҳлантиришлар 

Метеохизмат маълумотларига кўра, зилзила магнитудаси 7,6 ни ташкил қилган. Зилзила эпицентри Ното минтақасида жойлашган. Ҳаммаси бўлиб магнитудаси 4,0 дан юқори бўлган 21 та силкиниш қайд этилган. Исикава, Ямагата, Ниигата, Тояма, Фукуи ва Хиого префектуралари цунами хавфи ҳақида огоҳлантирилди. Тохоку, Жоэцу ва Хокурику йўналишларида тезюрар поездлар ҳаракати тўхтатилди. 

Сахалиннинг ғарбий қирғоқлари соҳилбўйи қисмида, Владивосток ва Находкада ҳам цунами хавфи эълон қилинди. 

2011 йил 11 март куни Япониянинг шарқий қирғоқларида 9,0 магнитудали зилзила кузатилиб, кучли цунами келтириб чиқарди ва 20 мингга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Табиий офат «Фукусима» АЭСдаги фалокатга ҳам олиб келди - 1986 йилда Чернобил фожиасидан кейинги энг йирик ядровий авария. 

Япония Тинч океани вулқон ҳалқаси - океаннинг энг фаол вулқонлар жойлашган ва кўплаб зилзилалар содир бўладиган периметри атрофида жойлашган. Ҳаммаси бўлиб, бу зонада Ерда маълум бўлган фаол 540 та вулқондан 328 таси ерусти вулқонлари мавжуд. Япония зилзилалардан энг кўп зарар кўрадиган давлатлар қаторига киради. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид