Ўзбекистон | 11:03 / 03.01.2024
3393
2 дақиқада ўқилади

Болалар ва никоҳланувчи шахслар орасида скрининг турлари 36 тага етказилади

Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг бу борадаги эҳтиёжларини қондириш режалаштирилмоқда. 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

“Аҳоли саломатлиги-2030” стратегияси лойиҳасига кўра, оналар ўлими 13,9 дан 7 промиллегача, гўдаклар ўлими 8,7 дан 4,3 промиллегача камайтирилади.

Олти ойгача болалар орасида мутлақ кўкрак сути билан боқиладиган болалар улуши 80 фоизга, икки ёшгача кўкрак сути билан аралаш боқиладиган болалар улуши 70 фоизга етказилади.

Миллий эмлаш календари асосида 5 ёшгача бўлган болаларни профилактик вакцинация қилиш орқали бошқарилувчи юқумли касалликлар олди олинади.

Болалар ва никоҳланувчи шахслар орасида оммавий ва селектив скрининг турлари 36 тага етказилади.

Педиатриянинг барча йўналишларида диагностика, даволаш, профилактика ва реабилитация бўйича ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилади, шу жумладан, болалар хирургиясидаги - нейрохирургия, кардиохирургия, оториноларингология, офтальмология ва ортопедия каби соҳалар ривожлантирилади.

Болаларнинг тўғри овқатланишини таъминлаш ва тегишли шарт-шароитлар яратиш орқали улар орасида бўйи ўсишининг кечикиши, вазн етишмаслиги, ортиқча вазнлилар улуши ўртача 2 баробарга қадар камайтирилади.

Ўсмирлар саломатлигини мустаҳкамлаш, улар орасида сурункали касалликлар, жароҳатланиш ва суицид ҳолатларининг олдини олиш ҳам кўзда тутилган.   

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид