1 январ куни тушдан кейин Японияда кучли зилзила рўй берганидан бир кун ўтиб, мамлакат ғарбидаги энг кўп зарар кўрган Ното яриморолида қутқарув ишлари анча секин давом этди. Фалокат ҳудудига олиб борадиган муҳим кўприклар ва йўлларга зарар етган ёки бутунлай вайрон бўлган, бу эса ёрдам ишларининг дастлаб кечиктирилишига олиб келди.
Кўп жойларда асфалт юзаси кўтарилди ва парчаланиб кетди. Тупроқдаги ёриқлар, қулаган электр устунлари, тупроқ уюмлари ҳамда эгилган ва қулаган уйлар кўплаб магистрал йўлларни тўсиб қўйди. «Автомобилларнинг Ното шимолий ҳудудларига етиб бориши ниҳоятда қийин», деди Япония бош вазири Фумио Кишида. Шу сабабли, унинг сўзларига кўра, ҳукумат ёрдам юкларини кема орқали етказиб беришга эътибор қаратмоқда. Қутқарув ишларини олиб бориш ва аҳолига ёрдам кўрсатиш учун Япония ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларининг 10 мингга яқин аъзоси сафарбар этилган.

Япониянинг ушбу қисмида 1885 йилдан бери энг кучли зилзила
Зилзила эпицентри Вадзима шаҳридан 30 км шимоли-шарқда, Япониянинг энг йирик ороли - Ҳонсюдаги Исикава префектураси Ното яримороли қирғоқларидан 16 км чуқурликда жойлашган. Япония метеорология агентлиги маълумотларига кўра, зилзила одамлар ва биноларга таъсирини таснифлайдиган маҳаллий интенсивлик шкаласи бўйича максимал магнитуда - 7 баллга етди.
Рихтер шкаласи бўйича магнитудаси 7,6 баллни ташкил қилган. Бу 1885 йилда кузатувлар бошланганидан бери мамлакатнинг ғарбий қисмида содир бўлган энг кучли зилзилага айланди. Метеорология бюроси келгуси кунлар ва ҳафталарда яна кучлироқ силкинишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Сешанба куни давомида маҳаллий расмийлар ҳалок бўлганлар сонини деярли ҳар соатига кўпайтириб борди. Бу рақам деярли 50 кишига етди. Биргина Вадзима муниципал касалхонасида етти нафар бемор ноаниқ шароитда вафот этган. Зилзиладан кўп ўтмай, қирғоқ бўйидаги шаҳарда катта ёнғин содир бўлиб, бир кечада бозор майдони атрофидаги 200 дан ортиқ турар жой ва тижорат биноларини йўқ қилган.




















