Жаҳон | 11:08 / 04.01.2024
33588
5 дақиқада ўқилади

Бортдаги ёнғин: экипаж ёнаётган самолётдан йўловчиларни қандай қилиб бенуқсон эвакуация қилгани ҳақида

Japan Airlines авиакомпанияси самолёти йўловчиларининг Токио аэропортида бенуқсон эвакуация қилиниши бутун дунёни ҳайратда қолдирди. Авиация мутахассислари ва экипаж аъзоларининг BBC нашрига айтишича, эвакуация муваффақияти экипажнинг мукаммал тайёргарлиги ва йўловчиларнинг намунали хулқ-атвори билан боғлиқ.

Йўловчилар экипаж кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ёнаётган самолётнинг авария чиқиш эшикларига қўл юкисиз шошилишган. Авиация мутахассислари фикрича, айнан шу қоидага амал қилиниши Токиодаги Ҳанэда аэропортининг учиш-қўниш йўлагида ёниб кетган Airbus А350 самолёти бортидаги барча 379 кишини муваффақиятли эвакуация қилиш имконини берган асосий омил бўлган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган.

Japan Airlines авиакомпаниясининг 516-рейси қўниш чоғида қирғоқ қўриқлаш хизматининг кичик самолёти билан тўқнашган, оқибатда ёнғин чиққан. Кичик самолёт бортидаги олти кишидан беш нафари ҳалок бўлган.

Қўниш чоғида самолётнинг олд шассиси синиб, ерга энгашиб қолган, бу эса йўловчилар чиқиш эшиклари томон ҳаракатланишини қийинлаштирган.

Йўловчиларни эвакуация қилиш учун фақат учта шишириладиган трапдан фойдаланиш мумкин эди, аммо самолёт қийшайиб қолгани туфайли уларни тўғри жойлаштириш қийин эди. Оқибатда траплар катта бурчак остида қолган, бу эса эвакуацияни мураккаблаштирган.

Japan Airlines вакили сўзларига кўра, эвакуация вақтида самолётнинг овоз билан мурожаат қилиш тизими ҳам ишламаган, шунинг учун экипаж йўловчиларга мегафондан фойдаланиб ва шунчаки баланд овозда бақириб кўрсатма беришга мажбур бўлган.

Авиакомпания хабарига кўра, бир йўловчи кичик жароҳат олган, яна 13 нафари жисмоний дискомфорт туфайли шифокорларга мурожаат қилган.

Japan Airlines авиакомпанияси самолёти Ҳоккайдо оролидаги Саппоро шаҳридан ҳавога кўтарилиб, 2 соатдан кейин Токионинг Ҳанэда аэропортига қўнган. Қирғоқ хавфсизлик хизматининг кичик самолёти бир кун олдин содир бўлган кучли зилзила қурбонларига ёрдам етказиши керак эди. Ҳозир тўқнашув юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Japan Airlines авиакомпаниясининг исмини ошкор қилмасликни сўраган собиқ стюардессаси сўзларига кўра, 516-рейс йўловчиларига «омад жуда кулиб боққан».

«Барча йўловчилар тирик эканини билиб, енгил тортдим. Аммо фавқулодда эвакуация тартиби ҳақида ўйлай бошлаганимда, асабийлашдим ва қўрқиб кетдим», деди у. «Икки самолёт қандай тўқнашгани ва ёнғин қандай тарқалишига қараб, бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин эди».

Бундай вазиятларда йўловчилар орасида ваҳима тарқалишининг олдини олиш қийин бўлиши мумкин, деди собиқ стюардесса.

«Улар эришган натижа осон туюлиши мумкин, лекин ундай эмас. Улар барчани қутқара олишди, демак экипаж аъзолари ўртасидаги ҳаракатлар яхши мувофиқлаштирилган ва йўловчилар кўрсатмаларга оғишмай амал қилган», деди у.

Стюардессанинг сўзларига кўра, экипажнинг янги аъзолари парвозларга чиқишни бошлашдан олдин уч ҳафталик эвакуация машғулотларидан ўтади. Машғулотлар ҳар йили такрорланади.

«Биз ёзма имтиҳон топширамиз, амалий машғулотларни муҳокама қиламиз ва турли сценарийларда, масалан, самолёт сувга қўнишга мажбур бўлганда ёки бортда ёнғин чиққанда қандай ҳаракат қилиш кераклиги бўйича амалий машғулотлардан ўтамиз. Бундай машғулотларда техник ходимлар ҳам иштирок этади», деди у.

Авиация хавфсизлиги қоидаларга кўра, эвакуация қилиш талаб этиладиган ҳар қандай фавқулодда вазиятда барча йўловчилар самолётни 90 сония ичида тарк этиши керак.

Халқаро парвоз сертификатини олиш учун самолёт ишлаб чиқарувчи корхона ушбу талабнинг бажарилишини кўрсатиши шарт. Эвакуация синовларида баъзан ҳақиқий йўловчилар ҳам иштирок этади.

Ўтмишдаги бир қанча бахтсиз ҳодисалардан сўнг, авиация хавфсизлиги қоидалари анча кучайтирилди.

Масалан, 1977 йилда Тенерифе оролидаги аэропортда иккита Boeing 747 самолёти тўқнашиши оқибатида 583 киши ҳалок бўлган эди. Бу ҳозиргача авиация тарихидаги энг ҳалокатли авария ҳисобланади. Ушбу фалокатга экипаж ва аэропортнинг ҳаво ҳаракатини назорат қилувчи ходимлари ўртасидаги тушунмовчилик сабаб бўлган. Шундан сўнг, экипаж ва аэропорт ходимлари ўртасидаги мулоқот қоидалари ўзгартирилган.

Japan Airlines авиакомпанияси тарихида ҳам фожиа юз берган: 1985 йил август ойида Осакага йўл олган самолёт Токионинг Ҳанэда аэропортидан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай тоғга урилади. Фалокатга самолёт ишлаб чиқарувчи Boeing компаниясининг таъмирлашдаги хатолари сабаб бўлган. Бортдаги 524 кишидан фақат тўрт нафари тирик қолган.

Мавзуга оид