“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.

2024 йил 1 майдан:

суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) тартиби жорий этилади;

фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад белгиланади;

ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби почта харажатлари бўйича қарздорликни ундиришга ҳам татбиқ этилади.

2024 йил 1 декабрдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи “Мажбуриятлар реестри” институти жорий этилади.

2024 йил 1 апрелдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилади.