Жаҳон | 09:56 / 04.01.2024
4766
3 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Эрондаги терактни қоралади

Европа Иттифоқи Эронда юзга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган терактни қоралаб, айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Фото: AP / Mahdi Karbakhsh Ravari

Европа Иттифоқи Эронда 100 га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган портлашни қоралаб, воқеани террорчилик ҳаракати деб атади. Бу ҳақда Европа ташқи алоқалар хизматининг 3 январ, чоршанба куни чоп этилган баёнотида айтилади

«Европа Иттифоқи Эроннинг Кирмон шаҳридаги бугунги бомбали ҳужумни кескин қоралайди. Бу теракт оқибатида тинч аҳоли вакиллари орасида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар қайд этилди. Айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак», - дея маълум қилди Европа Иттифоқи. 

Теракт Германия ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳам қораланган. «Кирмондаги бугунги портлашларда қурбонларнинг кўплиги, жумладан, болалар ҳалок бўлганидан чуқур қайғудамиз. Биз бу терактни қоралаймиз. Эрон халқи тинчлик ва хавфсиз келажакка лойиқдир», — дейилади ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. 

Эрондаги терактда 100 га яқин киши ҳалок бўлди 

3 январ куни тушдан кейин Эроннинг Кирмон шаҳридаги қабристонда 2020 йилда ўлдирилган генерал Қосим Сулаймоний хотирасига бағишланган маросим чоғида иккита портлаш содир бўлди. Оқибатда 95 киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ киши жароҳатланди. Эрон расмийлари воқеани теракт деб атади, бироқ унга кимлар алоқадор эканини аниқлаштирмади. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, портловчи қурилмалар қопларга солинган ва масофадан туриб фаоллаштирилган. 

Эронлик генерал Қосим Сулаймоний 2020 йилнинг январ ойида Ироқда АҚШнинг учувчисиз учоқлари ҳужуми натижасида ҳалок бўлган эди. Сулаймоний Эрондан ташқарида операциялар ўтказиш учун масъул бўлган Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг нуфузли «Ал- Қудс» кучларига қўмондонлик қилган. У Яқин Шарқда энг нуфузли эронлик генераллардан бири сифатида кўрилган. Қўшма Штатлар уни минтақадаги америкалик дипломатлар ва ҳарбий хизматчиларга ҳужум қилиш режаларини ишлаб чиқишда айблади. 

Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер таъкидлашича, Қўшма Штатларнинг Эрондаги портлашларга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва Америка расмийларида Исроил бунга алоқадор бўлиши мумкинлигига ишониш учун асос йўқ. ОАВ хабарларига кўра, портлашлардан сўнг қабристон яқинида оломон тўпланиб, «АҚШга ўлим» ва «Исроилга ўлим» деб ҳайқирган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид