Ўзбекистон | 14:33 / 06.01.2024
8131
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 4 ойда 100 тупдан ортиқ дарахтни кесишга рухсатнома берилгани маълум бўлди

Вилоят Экология бошқармаси томонидан берилган рухсатномаларда мазкур дарахт ва буталар турли инфратузилмаларга халақит қилгани айтилади. Кесишга рухсат берилган дарахтлар орасида чинор, садақайрағоч, арча каби турлар бор.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент вилояти Экология бошқармаси бир неча ойнинг ичида 131 туп дарахт ва бутани кесиш учун рухсатнома берган. Блогер Никита Макаренконинг ёзишича, бу мораторий даврида дарахт кесиш учун берилган рухсатномаларнинг кичик бир қисми. 

Жумладан, бошқарма томонидан 2023 йилнинг 25 август куни “Discover Invest” МЧЖга Бўстонлиқ тумани ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган 41 туп паст бўйли қайрағочни кесиб ташлашга рухсатнома берилган. Очиқ манбаларда келтирилишича, “Discover Invest” МЧЖ яшаш учун мўлжалланмаган бинолар қуриш фаолияти билан шуғулланади.

Экология бошқармаси 2023 йил 22 ноябрда “Arena Cybersport” МЧЖга Чирчиқ шаҳри ҳудудида 27 туп турли навдаги дарахтни кесиш учун рухсатнома берган. Мазкур дарахтларнинг 9 тупи чинор, 2 тупи каштан, 3 тупи қайрағоч, 3 тупи айланта, 3 тупи терак ҳамда 7 тупи арча бўлган.

2023 йил 12 декабрда эса бошқарма рухсатномаси билан “Оҳангаронцемент” АЖга Оҳангарон шаҳри ҳудудида 63 туп кўкбаргли терак ҳамда тўранғил кесиб ташланган. 

Рухсатномаларнинг барчасида кесилишига рухсат берилган, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар турли инфратузилмаларга халақит қилгани қайд этилган.

Олдинроқ пойтахтда мораторийга қарамай дарахткесарликлар тўхтамаётгани ортидан Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғи бир ойга ишдан четлаштирилиб, унинг охирги 2 йилдаги фаолияти бўйича хизмат текшируви тайинланган, шунингдек, бошқарманинг дарахт кесиш ёки кўчириб ўтқазишга рухсатнома бериш ваколатлари вақтинча Экология вазирлигига ўтказилганди

Маълумот учун, сўнгги ҳафталарда дунёнинг ҳавоси ифлосланган шаҳарлари орасида Тошкент етакчи ўринларни эгалламоқда. Пойтахт ҳавосидаги РМ2,5 зарралари ЖССТ белгилаган меъёрдан 35 баробарга ошиб кетди. Мутахассисларнинг фикрича бунга дарахтларнинг кесилаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид