Украинада урушнинг 682-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия мудофаа вазирлиги Қрим устида украинларнинг тўртта ракетаси тўхтатилгани, кейин Қора денгиз устида кемаларга қарши олтита ракета уриб туширилгани ҳақида ҳисобот берди. Украина қуролли кучлари Қримдаги Саки ҳарбий аэродромига зарба берилганини маълум қилган.
  • Донецк областининг Покровск райони Россия қўшинлари томонидан ўққа тутилиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, шундан беш нафари болалар. Харобалар остида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин.
  • Белгородда украинлар ҳужумидан кейин ёпилган савдо марказлари фаолияти тикланди, аммо рождество ибодатлари бекор қилинди.
  • Москва марказида сафарбар қилинганларнинг аёллари турмуш ўртоқларини фронтдан қайтаришни талаб қилган ҳолда пикетга чиқишди. Шунингдек, 15 чоғли киши Қизил майдондаги митингга келган. Қўлга олинганлар ҳақида хабар берилмаган.
  • Володимир Зеленский россияликларнинг музлатилган активларини Украинага беришга чақирди, у бу активлар қийматини 300 миллиард долларга баҳолаган. «Бу террорчи давлатни ўз террори учун тўлов қилишга мажбур этиш учун тарихий имконият», — дея қайд этган Зеленский.
  • Украинага Даниядан илк F-16 қирувчилари етказиб берилиши ярим йилга кечиктирилмоқда. Дания мудофаа вазирлиги кечикиш сабабини келтирмаган. Копенҳаген Киевга F-16 самолётларидан жами 19 тасини етказиб беришни ваъда қилган. Украина ҚК яна 42 та қирувчи самолётни Нидерландиядан қабул қилиб олиши керак — улар ҳам ҳозирча етказиб берилмади.

Путиннинг уруш қурбонлари яқинлари билан учрашуви

Рождество арафасида Владимир Путин Москва областидаги Ново-Огарёво қароргоҳида Украинада ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг бевалари ва етим қолган фарзандларини қабул қилди.