10:49 / 09.01.2024
5103

Маҳаллалар уюшмаси Камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва «Маҳалла» фонди ходимларини қисқартириш ҳисобига ташкил этиляпти

Янги ташкил этилаётган Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг штати 982 та бирликни ташкил қилади. У Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 667 та ҳамда «Маҳалла» фондининг 320 та штат бирлигини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

Президент «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолагани хабар берилганди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилади.

Давлат раҳбарининг 2023 йил 21 декабрдаги «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланишича:

  • Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 667 та штат бирликлари қисқартирилиб, уюшма, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳалла еттилиги» фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилади;
  • уюшманинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг ҳамда туман (шаҳар) бўлимларининг тузилмалари 982 штат бирликлари доирасида уюшма раиси томонидан мустақил тасдиқланади.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмаларининг 320 та штат бирликлари қисқартирилиб, уюшма ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ўтказиляпти.

Уюшма ва маҳаллалар фаолиятини молиялаштиришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:

  • маҳаллалар фаолиятини жорий таъминлаш (маҳалла раисининг иш ҳақи, коммунал тўловлар, канцелярия моллари ва бошқалар) ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади;
  • уюшма ҳар йили 15 июлга қадар Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига ўзининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларини ҳамда тизим ташкилотларини сақлаш, маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини жорий таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган маблағлар ҳажми бўйича Республика кенгаши томонидан тасдиқланган буюртмани тақдим этади;
  • жамоат фонди томонидан буюртмага мувофиқ субсидия ажратилади;
  • уюшманинг раҳбарияти ва ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари уюшма таклифига биноан Республика кенгаши томонидан тасдиқланади;
  • уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарларига шахсий бириктирилган хизмат автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимитлар ажратилади;
  • уюшма ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари учун ғазначиликда бошқа бюджетдан ташқари давлат жамғармалари сифатида шахсий ғазна ҳисобварағи очилади.
Top