Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси бир нечта кодексларга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунни кўриб чиқди. Ҳужжатдаги аксарият моддалар йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.
Ундаги нормалардан бирига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетга жойлаштирганлик учун 50 БҲМ (ҳозирда 17 млн сўм) жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланяпти.
Сенат қўмитасининг “куни кеча” бўлиб ўтган мажлисида (расмий хабарда сана келтирилмаган) бу норма кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётгани сабабли ИИВ Академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университетининг кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари ҳамда қонун ташаббускорлари – ИИВ ЖХД ЙҲХХ раҳбарларининг фикрлари тингланган.

Маълум қилинишича, 2022 ва 2023 йилларда ўз хизмат вазифасини бажараётган йўл патрул хизмати ходимлари 253 марта фуқаролар томонидан фото ва видеотасвирларга олиниб, интернет тармоқларига тарқатилган. Бу видеотасвирларнинг барчаси Ички ишлар вазирлигининг масъул бошқармалари томонидан ўрганиб чиқилган.
“Ўрганилган видеотасвирларнинг 102 тасида ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини ўзлари бузган бўлса-да, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нотўғри изоҳ берган ҳолда ижтимоий тармоқларга видео жойлаштирган.
Видеотасвирларни олаётган ҳайдовчиларнинг аксарияти йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун йўл патрул хизмати ходимлари томонидан тўхтатилгани, қоидабузарлик учун маъмурий баённомаларни расмийлаштириш жараёнини қаршилик кўрсатиб тасвирга олгани, шундан сўнг нотўғри изоҳлар берилиб, ижтимоий тармоқларга тарқатилаётгани маълум бўлмоқда”, – дейилади Сенат ахборотида.

Изоҳланишича, “қатор ривожланган давлатлар” қонунчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини суратга олиш тақиқланган.
“Масалан, Буюк Британияда кўчаларда ёки биноларида хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини уларнинг розилигисиз суратга олишни тақиқловчи норма мамлакат парламенти томонидан 2000 йилда тасдиқланган. Мазкур нормага кўра хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини унинг розилигисиз камера, видеокамера ёки мобиль телефон орқали тасвирга олган ёки тасвирга олишга уринган шахс ҳибсга олиниши ва кейинчалик 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.








