Жаҳон | 14:38 / 12.01.2024
5642
3 дақиқада ўқилади

Украинада сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқиш учун қайтарилди

Олий радада Украина ҳарбий раҳбарияти билан ёпиқ учрашув бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, ҳукумат томонидан киритилган сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини рада таклифлари билан бирга қайтаришга қарор қилинди, деди Давид Арахамия.

Фото: AP

Украина ҳукумати томонидан Олий радага тақдим этилган сафарбарлик, ҳарбий рўйхатга олиш ва хизмат қоидаларини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқиш учун вазирлар маҳкамасига қайтарилади. Бундай қарор Украина парламенти ва ҳарбий қўмондонлик вакилларининг ёпиқ йиғилишида қабул қилинди, деб хабар берди Олий рададаги «Халқ хизматкори» фракцияси раҳбари Давид Арахамия 11 январ, пайшанба куни Telegram'да.

Миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси йиғилишида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний, бош штаб бошлиғи Сергей Шаптала, мудофаа вазири Рустем Умеров, Олий рада раҳбарияти, фракциялар ва қўмиталар раҳбарлари иштирок этди, деб қўшимча қилди Арахамия. «Кўп муҳокамалар бўлди. Биз ҳарбий қўмондонликнинг илтимосини тушунамиз. Лекин ҳамма нормаларни қўллаб-қувватлаб бўлмайди. Айрим қоидалар инсон ҳуқуқларини тўғридан тўғри бузса, баъзилари оптимал шакллантирилмаган. Ҳарбий қўмондонликка бу ҳақда очиқ айтилди», - деди фракция раҳбари.

Депутатнинг фикрича, рададаги барча сиёсий кучлар сафарбарлик зарурлигини тушунади ва қўллаб-қувватламоқда. «Йиғилиш натижаларига кўра қонун лойиҳаси ташаббускорга қайтарилди. Шу билан бирга, биз қўмита ва ишчи гуруҳларда ишлаб чиқилган таклифларни ўрганамиз», - дея қўшимча қилди Давид Арахамия.

Украинада сафарбарлик режалари

Украина ҳукумати Украина қуролли кучларида кадрлар етишмаслиги кузатилаётганини бир неча бор таъкидлаган ва 2024 йилда икки йилдан бери жанг қилганлар ўрнига янги ҳарбий хизматчиларни сафарбар этиш ва йўқотишларни қоплашни режалаштирган. 2023 йил декабр ойи охирида Олий радада мамлакатда сафарбарликни кучайтириш тўғрисидаги ҳукумат қонуни рўйхатга олинган эди. Ҳукумат сафарбарлик учун чақирув ёшини 27 ёшдан 25 ёшга пасайтиришни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, фуқароларни икки тоифага бўлиш таклиф этилади - ҳарбий хизматга «лойиқ» ва «нолойиқ», оралиқ тоифа - «чекланган тарзда лойиқ» олиб ташланади.

Чақирув қоғозларини топшириш тартибини сезиларли даражада соддалаштириш таклиф қилинган. Қонун лойиҳасига кўра, у шахсан ёки электрон кабинет ва электрон почта орқали етказиб берилиши мумкин. Хизматдан бўйин товлаганлар учун бир қатор чекловлар ўрнатиш таклиф қилинмоқда. Уларга хорижга чиқиш, кўчмас мулк билан битимлар, автомобил ҳайдаш ва кредит олиш тақиқланиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид