Бегона шахсларни уйдан рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилиги талаб этилмаслиги белгиланди
Турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш бекор қилинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан ҳукумат айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш бекор қилинмоқда (бундан тарафлар ўртасида бошқача келишув тузилган ҳолатлар мустасно).
Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг янги таҳрири тасдиқланди.
Республика компенсация жамғармаси маблағларидан ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш учун фойдаланилади.
Ҳудудий компенсация жамғармалари маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:
- ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш;
- жисмоний ва юридик шахсларга етказилган қуйидаги зарарларни (кейинги ўринларда – мулкий ва маънавий зарар) қоплаш:
- кўчмас мулк объектларига бўлган ҳудудларнинг давлат реестрига ноқонуний ёди ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида уларга ишониб ҳаракат қилган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарлар;
- давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган ва суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарарлар;
- терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф деб топилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарар ва маънавий зиёнлар;
- турар жой инсофли эгалловчидан қонунчиликда белгиланган тартибда талаб қилиб олинишига йўл қўйилмаслиги натижасида мулкдорга етказилган зарар.
Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни қоплаб бериш схемаси қуйидагича:
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари – жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати асосида ёки ўз ташаббусига кўра тегишли ҳужжатларни республика ва ҳудудий мақсадли жамғармалар кузатув кенгашига (кейинги ўринларда – кузатув кенгашлари) мурожаат қилади;
- кузатув кенгашлари 3 иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қопланишини молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари 3 иш куни мобайнида етказилган зарарларни қоплаб беради.
Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий ва маънавий зарарларни қоплаш учун жисмоний ва юридик шахслар ариза, суд қарори ва бошқа тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мурожаат қилади.
Мавзуга оид
10:34 / 05.12.2024
Ҳокимлик балансидаги ордерли уйни расмийлаштириб беришни ваъда қилган шахс ушланди
15:13 / 07.11.2024
Фуқаролар сақлаши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати тасдиқланди
07:24 / 02.09.2024
Суд қарорисиз ва уй эгасига компенсация тўламасдан туриб уй-жойни бузиш тақиқланади
07:59 / 03.08.2024