07:50 / 13.01.2024
4754

Тошкентда декабр ойида уй-жой ижара нархлари пасайди

2023 йилнинг сўнгги ойида хонадонлар учун таклиф этилган ижара нархлари ноябр ойига нисбатан ўртача 0,3 фоизга пасайди.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида 2023 йил декабр ойида уй-жой ижара нархларида пасайиш кузатилди.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари ижара нархлари тўғрисида ноябр ва декабр ойлари учун 40 мингдан ортиқ маълумотларни таҳлил қилган ҳолда шундай хулосага келди. Унга кўра, 2023 йилнинг сўнгги ойида таъмирланган хонадонлар учун таклиф этилган ижара нархлари ноябр ойига нисбатан ўртача 0,3 фоизга пасайди.

Ушбу гуруҳда бир хонали хонадонлар учун таклиф этилган ижара нархлари ноябр ойига нисбатан ўртача 0,2 фоизга пасайиб, 400 долларни ташкил этган бўлса, икки хонали хонадонлар учун ўртача ижара нархлари (443 доллар) 1 фоизга, уч хонали уйларнинг ижара нархлари (515 доллар) 0,7 фоизга арзонлаган.

Тўрт хонали уйларнинг ўртача ижара нархлари (594 доллар) эса 0,7 фоизга ошган.

Тўлиқ таъмирланган гуруҳдаги уйлар учун таклиф этилган ўртача ижара нархларида 0,4 фоизга тушиш кузатилди. Шаҳар бўйича бир хонали уйлар учун ўртача ижара нархлари (476 доллар) 2 фоизга арзонлаган бўлса, икки хонали (653 доллар) ва уч хонали (782 доллар) уйлар учун ушбу кўрсаткич мос равишда 0,3 фоиз ва 0,4 фоизни ташкил этган.

Тўрт хонали уйлар учун ўртача ижара нархлари 0,9 фоизга қимматлаб, 915 долларга етган.

Top