«Олд Траффорд»даги учрашув голларга бой бўлди.

«Манчестер Юнайтед» – «Тоттенҳэм» - 2:2
Голлар: 1:0 – 3 Ҳойлунд, 1:1 – 19 Ришарлисон, 2:1 – 40 Рэшфорд, 2:2 – 46 Бентанкур.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Диогу Далот, Эванс (Мартинес, 63), Варан, Уан-Биссака, Антони, Эриксен (Мактоминей, 58), Бруну Фернандеш, Майну, Гарначо, Рэшфорд, Ҳойлунд.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен, Удожи, Эмерсон, Ҳейбьерг, Бентанкур, Скипп (Дрэгушин, 85), Жонсон, Вернер (Ҳил, 80), Ришарлисон.
Огоҳлантиришлар: Уан-Биссака (24), Бентанкур (25), Ҳойлунд (45).

АПЛда бешинчи ўрин ҳам ЕЧЛнинг янги мавсуми учун йўлланма бериши деярли аниқ бўлса-да, «Тоттенҳэм» ва «МЮ» топ-4 учун курашишда давом этмоқда. Тен Ҳаг Каземиро, Мартинес ва Шоу тикланиб сафга қайтганини айтганди, аммо улардан ҳеч бири бошланғич таркибдан жой олмади (учинчиси ҳатто заявкага киритилмаган). «Тоттенҳэм»нинг ҳам таркиб борасидаги муаммолари йўқ эмас – Сон Осиё Кубогига, Биссума ва Сарр – Африка Кубогига кетган (манчестерликларда ҳам бошқа қитъа футболчилари етарлича топилади, аммо марокашлик Амрабат асосий таркиб футболчиси эмас, камерунлик Онана эса жамоасининг турнирдаги илк ўйинидан 24 соат олдин клуби учун ўйнаб беришга рози бўлди).

Барча муаммоларга қарамай (балки шундай муаммолар туфайли) биринчи бўлим анча томошабоп кечди. Учинчи дақиқадаёқ Ҳойлунд ҳисобни очди. Даниялик ҳужумчи Англия чемпионатида қаторасига 18 турда голлар ҳисобини оча олмаганди, энди эса қаторасига иккинчи ўйинни голсиз тарк этмайдиган бўлди. Бу сафар у Онана бошлаб берган ҳужум давомида Рэшфорднинг узатмасидан кейин тахминан ўн метр масофадан туриб яқин тўққизликка қайтариб бўлмас зарба йўллади.

«Тоттенҳэм» эса одатдагидек ўз ҳужумкор ўйинини намойиш этишда давом этди. Меҳмонлар кўпроқ вақт давомида тўпга эгалик қилишди ва бурчак зарбасидан кейин ҳисобни тенглаштиришди: Порронинг узатмаси ва Ришарлисоннинг бош билан аниқ зарбаси. Бразилиялик ҳужумчи учун бу сўнгги олти турдаги олтинчи гол бўлди. Ушбу форвард «Тоттенҳэм»га келганидан буён энг яхши формасида бўлиб турибди.

Биринчи бўлим охирларида «МЮ» яна олдинга чиқиб олди. Яна Ҳойлунд билан девор услубида ўйнаган Рэшфорд узоқ бурчакка ерлатиб аниқ зарба берди – 2:1. Бу Маркуснинг жорий мавсумда «Олд Траффорд»да урган биринчи голи бўлди.

«Тоттенҳэм» ўйинда иккинчи бор ҳисобда таъқиб этувчи мақомига тушиб қолди, аммо ўйин тенг эди ва лондонликлар ҳали яна ўз сўзини айтиши табиий эди. Танаффус арафасида Ромеронинг зарбаси тўсинга тегди, танаффусдан кейин эса — «шпорлар» дарҳол гол уришди. Бу сафар Бентанкур ўз номини таблога ёздириб қўйди, унга голли пасни эса бир неча кун олдин жамоага келган Вернер берди. Германиялик ҳужумчи 47 дақиқа ичида 2021/22 йиллар мавсумида «Челси» сафида берган голли узатмалари сонига тенг узатмани амалга оширишга улгурди.