Ўзбекистон | 10:33 / 15.01.2024
4277
2 дақиқада ўқилади

Хитой Ўзбекистонда экологик тоза бинолар қуришда иштирок этиши мумкин

Хитой билан экологик тоза бинолар қуриш ва чиқиндиларни қайта ишлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида вазир ўринбосари Жусипбек Казбеков иштирокида Хитой ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш истиқболлари, шунингдек, энергия жиҳатидан тежамкор ва экологик тоза бинолар қуриш ҳамда маиший ва қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, ҳаво ифлосланишининг олдини олиш, халқаро экологик стандартларни белгилаш, рақамлаштириш тизимини кенг жорий этиш, ХХР тажрибасини ўрганиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги механизмларни ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, чўл ҳудудларини ободонлаштириш, кўчат экиш бўйича фермер хўжаликларини ташкил қилиш, шаҳар тизимида инновацион технологияларни ўрнатиш ва оқова сувларни тозалаш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Учрашув давомида ҳукумат томонидан турли соҳа ва тармоқларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. 

Томонлар «яшил» лойиҳалар миллий таксономиясини ривожлантириш истиқболлари, Яшил жамғарма ташкил этиш, шунингдек, экологик тоза иқтисодий ўсишни янада ривожлантиришга қаратилган бошқа тадбирлар масалаларини кўриб чиқди. 

Учрашув якунида юқоридаги масалалар юзасидан қўшимча музокаралар ташкил этишга келишиб олинди.

Мавзуга оид