Дунё ҳамжамияти Жанубий Африка Республикасининг Исроилни судга берганини ҳайрат билан кузатмоқда. Даъво БМТнинг Ҳаагадаги Халқаро судида кўриляпти. Икки томондан ҳам 6 нафардан адвокат иштирок этмоқда. Томонларга ўз важларини билдириш учун ярим соатдан вақт берилди. ЖАР Исроилни Фаластин халқининг геноцидида айблаяпти.

ЖАРнинг асосий мақсади – Исроилни геноцидда айблаб, натижаларни қанча керак бўлса, шунча вақт кутиш эмас. ЖАРнинг мақсади – “Геноцид тўғрисида”ги конвенцияга кўра, Исроилга нисбатан “вақтинчалик чоралар”ни жорий қилиш. Вақтинчалик чора тамойилига кўра, “Геноцид тўғрисида”ги конвенцияга биноан, геноцидда айбланаётган давлат ёки томон уруш амалиётларидан, ҳарбий амалиётлардан тўхташи керак бўлади. Бунинг учун Халқаро суд ишни қабул қилиши кифоя.

“Вақтинчалик чора” шартларига кўра, Исроилнинг геоцид қилгани ёки қилаётгани исботланиши, ўз тасдиғини топиши шарт эмас. Бунинг учун ЖАР Исроилнинг ҳаракатлари туфайли Фаластинда инсоний талафотлар ниҳоятда катта экани, оддий фуқаролар, оддий инсонларнинг ўлими жуда кўп эканини исботлаши етарли.

Яъни Исроил геноцидда айбланар экан ва бу ишни Халқаро суд кўриб чиқишга рози бўлар экан, автоматик равишда вақтинчалик чора кучга киради ва Исроилга суд томонидан барча уруш ва ҳарбий ҳаракатларни сўссиз тўхтатиш талаби қўлланиши керак бўлади. Вақтинчалик чора жорий қилиниши учун Исроилнинг айби тасдиқланиши шарт эмас. Суд шу ишни кўриб чиқишга розилик билдиришининг ўзи кифоя қилади. Чунки якуний қарор қабул қилинишига йиллар керак бўлиши мумкин. Маълумот учун, ҳозирги жараёнлар – ишни кўриб чиқишга қабул қилишдан олдинги муҳокамалардир.

Халқаро суд ишни кўриб чиқишга қабул қилиши учун ЖАР икки нарсани исботлаб бериши керак. Биринчиси – агар қўшимча чоралар жорий қилинмаса, Фаластин халқига етказилаётган зарар, талафот ва ўлимлар салмоғи янада каттариб бораверади, деган далил. Иккинчиси – агар вақтинчалик чора жорий қилинмаса, Исроил ўзи билиб, уруш ва ҳарбий амалиётлардан тўхтамайди, оддий фаластинликларни қирғин қилишда давом этаверади, деган далилни исботлаб бериши керак.

Исроилнинг ҳимоя тактикаси ҳам маълум. Исроил адвокатларининг биринчи аргументи қуйидагича: “Агар Ғазони бомбалаш тўхтатилса, бу Исроилнинг йўқ қилинишига олиб келади”. Аслида эса, Исроил мана 75 йилдан бери фаластинликлар ва улар томонидан тузилган қаршилик кўрсатиш ташкилотлари билан курашиб келмоқда. Лекин, ҳозирча, Исроил давлати Фаластин ҳудудлари ҳисобига фақат кенгайиб бормоқда.

Исроилнинг иккинчи ҳимоя тактикаси, бу – “Геноцид тўғрисида”ги конвенциянинг техник талабларига асосланган манипуляциялар ҳисобланади. Конвенция талабига кўра, томонлар, Халқаро судга чиқишдан олдин, ўзаро “бошланғич баҳслар”, “судга қадар бошланғич дебатлар” ўтказиши, ўз даъволарини адвокатлар орқали бир-бирига бирдириши, ҳалқаро ҳуқуқ доирасида баҳслашиши талаб этилади. Бундай талабдан мақсад – давлатлар ёки томонлар Халқаро судга чиқишдан олдин бошқа инстанцияларда ёки ўзаро адвокатлар орқали баҳслашиб олишлари, агар имкони бўлса, шу йўл билан келишиб олишлари талаб этилади.