Украинада урушнинг 696-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия 2024 йил ёзида Украина навбатдаги кенг кўламли ҳужум уюштиришни режалаштирмоқда, бу ҳақда украиналик мулозимларга таяниб Financial Times хабар берган.
- Прокурор «военкор» Владлен Татарскийнинг ўлимида айбланган Даря Трепова учун 28 йил қамоқ жазоси сўради.
- «Кўпинча бу можаро музлатилишига олиб келади». Зеленскийнинг офиси раҳбари Украина қўшини мудофаага ўтишига қарши.
- Словакия Россия ва Беларус билан маданий ҳамкорликка қўйилган тақиқни бекор қилди, бундай тақиқ Россиянинг Украинага босқини бошланганида, олдинги ҳукумат томонидан жорий этилганди.
- Сафарбар этилганларнинг турмуш ўртоқлари Путиннинг сайловолди штабига келишди ва у қачон демобилизация тўғрисидаги фармонини имзолашини сўрашди. Қабулхона ходими эса урушга фақат кўнгиллилар кетгани, боришни истамаганлар мамлакатни тарк этганини айтган.
- Камчаткада суд Украинада жанг қилишдан бош тортган шартнома асосида хизмат қилувчи етти ҳарбийни колонияга юборди.
- «Коммерсант» хабарига кўра, Россияда суд илк бор Украинадаги уруш иштирокчиси бўлган ва ўз қуролдошини ўлдирган шахсни оқлади.
- Армия тўғрисидаги «фейк» ва бошқа қатор жиноий моддалар бўйича айбланганларнинг мол-мулкини мусодара қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Давлат думаси кўриб чиқиши учун 22 январ куни киритилади.
- Америка ва ғарбдаги бошқа мамлакатларнинг разведка хизматлари ҳисоблашича, Украинадаги уруш камида яна икки йил давом этади.
- НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари алянс мамлакатларини келгуси 20 йиллик ичида Россия билан уруш чиқишига тайёр бўлишга чақирган.
- Болтиқбўйи мамлакатлари Россия билан чегарада «мудофаа линияси» қуришга келишиб олди.
Кун кадри. Краматорск бозорида бомбапанагоҳ
Донецк областида фронт бўйидаги Краматорск шаҳри — муҳим транспорт тугуни ҳисобланади. Украина ҚК жангчилари яқинлари билан кўришиш учун фронт чизиғидан шу ерга келишади.
Россиянинг кенг кўламли босқинига қадар Краматорскда 250 минг атрофида одам яшаган. 2022 йил ёзида эвакуация бошлангач, шаҳар аҳолиси 50 минггача қисқарди, аммо кейин яна аста-секин оша бошлади. Ҳарбийлар ва уларнинг қариндошлари тўпланиши туфайли Краматорскда савдо ривожланмоқда ва қаҳвахоналар очилмоқда, деб ёзган Украинадаги Liga.net нашри 2023 йил ноябрда.
Шу билан бирга, россияликлар ракетаси учирилганидан бир дақиқадан кам вақт ичида шаҳарга етиб келади. Краматорскликларнинг айримлари тўғридан тўғри бомбапанагоҳ олдида савдо қилади.

































