Жаҳон | 14:14 / 22.01.2024
32430
3 дақиқада ўқилади

Афғонистонда самолёт ҳалокатидан омон қолганларнинг фотоси пайдо бўлди

Афғон нашрлари Россиянинг Falcon 10 самолёти ҳалокатидан омон қолган экипаж аъзолари акс этган фотосуратни намойиш этди. Йўловчилар ҳалок бўлишган.

Афғонистондаги Hurriyat радиоси россияликларнинг Falcon 10 самолёти ҳалокатга учраган жойда олинган видео ҳамда омон қолган экипаж аъзолари акс этган фотосуратни намойиш этди. Ролик Hurriyat’нинг твиттер саҳифасига жойлаштирилган.

Hurriyat нашри аниқлик киритишича, самолёт Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари қутқарув жамоаси томонидан мамлакатнинг «чекка ва тоғли ҳудудида» аниқланган. Ҳалокатдан омон қолганлар аввалига туман марказига олиб келинган, у ердан эса Кобулдаги шифохонага етказилиши режалаштирилмоқда. 

Shot телеграм-канали хабар беришича, учувчилар Дмитрий Беляков ва Аркадий Грачев, шунингдек тиббиёт ходими Павел Попов жиддий жароҳат олмаган. Каналнинг қайд этишича, ижтимоий тармоқда тарқалган фотосуратда тиббиёт ходимларидан яна бири — Игор Сивороткин тўлиқ кўринмайди, аммо, Shot маълумотига кўра, унинг ҳолати ҳам қониқарли баҳоланмоқда.

Радиостанциянинг аниқлик киритишича, қутқарув амалиёти якунланган. Нашр хабарида самолёт йўловчилари —волгодонсклик Анатолий ва Анна Евсюковлар ҳақида маълумот йўқ. РИА Новости фавқулодда хизматларга таяниб ёзишича, улар ҳалок бўлишган. Уларнинг жасади 23 январ куни Кобулга учадиган махсус борт орқали олиб қайтилади.

  • Росавиация хабарига кўра, Россиянинг «Атлетик Групп» компанияси ва хусусий шахсга тегишли бўлган Falcon 10 самолёти 20 январ куни кечқурун Афғонистон ҳаво кенгликларида учаётганида радарлардан йўқолиб қолган. Ушбу борт Таиланддан Ҳиндистон ва Ўзбекистон орқали чартер санитар рейсни амалга ошираётганди. Самолёт бортида олти киши бўлган (икки йўловчи ва экипажнинг тўрт аъзоси).
  • ТАСС агентлиги фавқулодда хизматларга таяниб ёзишича, самолёт ҳалокатига иккита двигател ишламай қолгани сабаб бўлган. РФ Тергов қўмитаси ҳолат юзасидан жиноий иш очган.

Мавзуга оид