Осиё Кубоги-2023. Б гуруҳи
3-тур. 23 январ
Австралия — Ўзбекистон 1:1
Голлар: Бойл (45+1, пеналти) — Турғунбоев (78).
Австралия — Райан, Аткинсон (Миллер, 90+3), Суттар, Роулс, Беҳич, Макги (Форнароли, 83), Баккус (О'Нил, 83), Ирвин, Бойл (Меткалф, 72), Бос (Тилио, 90+3), Йенги.
Ўзбекистон — Ўткир Юсупов, Зафармурод Абдураҳматов, Абдулла Абдуллаев, Умар Эшмуродов, Рустам Ашурматов, Фаррух Сайфиев, Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков, Остон Ўрунов (Жалолиддин Машарипов, 46), Аббос Файзуллаев (Игор Сергеев 63, Жамшид Искандеров 84), Ҳожимат Эркинов (Азиз Турғунбоев, 63).
Огоҳлантиришлар: Эшмуродов (25), Ҳамробеков (45), Шукуров (45+3), Суттар (50), Макги (70).
Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё кубоги гуруҳ босқичининг 3-турида Австралияга қарши дуранг ўйнаб (1:1), 2-ўринни эгаллади ва 1/8 финалга йўлланма олди.
Австралия гуруҳ масаласини олдиндан ҳал қилиб бўлгани туфайли аралаш таркибни туширди ва ўйин нисбатан тенг кечди.
Биринчи бўлим сўнгида япониялик ҳакам Ўзбекистон жамоаси дарвозасига баҳсли пеналти белгилади, бу вазиятда тўп ерда ётган Ҳамробековнинг қўлига тегиб кетди, аммо ҳакам тўп австралияликларда қолгани учун ўйинни тўхтатмади ва кейин эса видеотакрорни кўриб чиқиб, 11 метрлик жарима нуқтасини кўрсатди, нуқтага яқинлашган Бойл эса зарба беришда адашмади.
Иккинчи бўлимда Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи таркибда ўзгаришлар амалга оширди, дастлаб Остон Ўрунов ўрнини Жалолиддин Машарипов эгаллади, кейин Аббосбек Файзуллаев ҳамда Ҳожимат Эркинов ўрнига Игор Сергеев ҳамда Азиз Турғунбоев майдонга тушди.
60-дақиқада Машариповнинг жарима зарбасидан узатган тўпини ҳимоячи Умар Эшмуродов бош билан дарвоза тўрига жойлади, аммо ҳакамлар офсайд ҳолатини қайд этишди.
78-дақиқада эса Машарипов қанотдан олдинга юриб, тўпни жарима майдони ичидаги Турғунбоевнинг бошига етказиб берди ва ҳисоб тенглашди. Бу Ўзбекистон миллий жамоасининг Австралия билан ўйинлардаги илк голи бўлди. Бунгача яшил қитъа вакилларига қарши тўрт ўйинда 0:1, 0:2, 0:6 ва 0:0 (2:4) ҳисоблари қайд этилганди.


















