Дарё ўзанларида ноқонуний қазилма ишлари олиб борилгани, жойлардаги бетартиб тозаланишлар сабаб табиатга 61,5 млрд сўм зарар етказилди. Ҳолатлар ортидан жами 58 та жиноят иши очилди. Ачинарлиси, жойлардаги бу дарёлар нафақат қишлоқ хўжалиги, балки одамларни ичимлик сув билан таъминловчи асосий манбалардан ҳисобланади.  

Хусусан, Чирчиқ дарёси ўзанида юзага келган танг экологик аҳвол туфайли ҳозирда шаҳар аҳолисининг ичимлик сувсиз қолиш хавфи ҳам бор. 1 майдан айрим дарё ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинадиган бўлди. Бу куни кеча қабул қилинган президентнинг тегишли фармони билан мустаҳкамланди. Лекин кўп вазиятларда мораторийга ҳам қараб ўтирмасдан ҳуқуқбузарликлар содир бўлаётганини ҳам кўряпмиз.

Хўш, эндиликда аллақачон йирик мафияларнинг қўлига ўтиб бўлган қум-шағал қазиб олиниши қандай назорат қилинади? Фармон билан яна нималар амалга оширилиши кутилмоқда? Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев шу саволларимизга жавоб берди. 

“Чирчиқ дарёси бизнес объекти сифатида кўрилди” 

Дунёнинг кўпгина мамлакатлари, асосий шаҳарларида кўпгина норуда материаллари, қурилишда ишлатиладиган ресурсларни дарёдан олмайди, тоғ-тошлардан майдалаб олишади. Лекин бизнинг Ўзбекистон шароитида осонгина йўли, дарёнинг шағалини олиб сотиш билан шуғулланилган. Бунинг асосий ниқоби сифатида дарё суви юрадиган йўлларни очиш деган баҳона бўлган, лекин амалиёт кўрсатдики, бу ўзини оқламади. Бу ерни бизнес объекти сифатида кўриш бўлди. 

Дарёнинг ҳар тарафлари бетартиб ковлаб ташланиши оқибатида дарё ўзанлари ўзгариб кетди, сув сатҳи пасайиб кетган. Бу биринчидан пойтахт ва Тошкент вилояти аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш масаласини хавф остига қўяди. Иккинчидан, бу атрофдаги флора-фауна йўқолиб кетишига сабаб бўлди. Бундай ҳолат Самарқанддаги Зарафшон дарёси билан ҳам содир бўлган. Дарё сатҳи бир неча метрга, айрим вақтларда 7 метргача тушиб кетган. Дарёнинг атрофидаги табиий ўрмонзорлар қуришни бошлаган. Бу ҳам аҳолининг ичимлик сувсиз қолишига олиб келади.