Суднинг 2024 йил 12 январ куни ўтказилган мажлисида Фармацевтика агентлигининг “Док-1 Макс” бўйича судланаётган собиқ раҳбарига нисбатан суд тиббий экспертизаси тайинлангани, бунга айбланувчи адвокатининг бу ҳақидаги сўрови сабаб бўлгани айтилганди.

24 январ куни бўлиб ўтган суд мажлисида судя Мусо Юсуповнинг маълумот беришича, тиббий экспертиза 15 январ куни ўтказилган бўлиб, экспертиза давомида собиқ амалдорнинг танасида тан жароҳатлари аниқланмаган. Шунингдек, судланувчидаги мавжуд умуртқа поғонасидаги чурра касаллиги унинг ҳибсхонада сақланишига тўсқинлик қилмаслиги айтилди.  

Судда жабрланувчилар тингланди.

Сиропнинг навбатдаги қурбони 2020 йил 19 октябрда туғилган Отабек Камолиддинов. Жиззахлик жабрланувчи ота кўрсатмасига кўра, у шамоллаган боласи учун шифокор тавсиясига кўра дорихонадан “Амбронол” олган. Бироқ сироп истеъмолидан кейин боланинг аҳволи оғирлашиб, вафот этган. 

“Амбронол” дорисини 2022 йил 26-27 декабр кунлари болам шамоллагани учун олиб келганман. Дорини 3 маҳал ичирдим. 29 декабр кунидан бошлаб ўғлим пешоб чиқармай қўйди. Шундан сўнг уни Бахмалдаги шифохонага олиб бордим. Лекин у ердаги шифокорлар даволай олишмаслигини айтишди”, дейди жабрланувчи ота.

Жабрланувчининг айтишича, Жиззахда нажот топа олмагач, уни Самарқандга жўнатишган. 

“Самарқанд вилоят касалхонасига йўлланма беришди. Ўша ерда қон қусиб, оғиз-бурнидан қон келаверди. Тўғри реанимация бўлимига ётқизишди. Кейин эса диализга олишди. Нима бўлди, деб сўрасам, буйраклари ишламаяпти, дейишди. Ичирган доримизни олиб бориб бердик. Катта фарзандларим — қизим билан ўғлим ҳам ичган эди, аҳволи оғирроқ бўлгани учун кичкинасини олиб боргандик.

5 марта диализ қилишгач, озроқ пешоб чиқарди. Шундан сўнг аҳволи жуда оғирлашиб қолди, бизга кўрсатмай ҳам қўйишди. 8 январ куни вафот этди. 

Уй-жой учун йиғган пулимни ишлатдим болаларимни даволашга, ҳозир ижарада яшайман”, дейди жабрланувчи.

У судда фарзандини тўлиқ даволатиш учун 1 млрд сўм компенсация сўради. Бундан ташқари, навоийлик ҳамда қорақалпоғистонлик жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари 1 млрд ва 200 млн сўм компенсация сўрашди.

Шунингдек, судланувчи Фармагентликнинг собиқ раҳбари С.Кариевнинг адвокати Ф.Худойберганов судга илтимоснома киритди.