Apple’нинг биринчи автомобили

Bloomberg’нинг ёзишича, 2028 йилда Apple компанияси ўзининг биринчи электромобилини тақдим қилади. Компания лойиҳа устида 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаган бўлса-да, ҳали ҳам прототип тайёрламаган.

Дастлабки машиналарни сотувга чиқариш 2026 йилда бошланиши керак эди, аммо «энг яхши ҳолатда» бу муддат 2028 йилга тўғри келиши мумкин.

Bloomberg шарҳловчиси Марк Гурманнинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Apple ўз фикрини ўзгартирган, компания Level+ автопилот тизимига эга бўлган «анъанавий» автомобилни чиқаради. Бу ҳайдовчидан қисман йўлга эътибор беришни талаб қилади. Масалан, Level+ туфайли автомобил мустақил равишда энг яқин автомобилдан масофани ушлаб туриши ёки чизиқдан ташқарига чиқмаслиги мумкин.

Tank 700

Хитойда Tank 700 йўлтанламасининг стандарт версияси учун олдиндан буюртмалар қабул қилиниши бошланади. Унинг учун 70 минг доллар сўралмоқда.

Фото: autohome.com.cn

Tank 700 3 литр ҳажмли V6 двигатели билан жиҳозланган. У 523 от кучини беради. Двигател 9 поғонали автомат узатмалар қутиси билан ҳамкорликда ишлайди.

Samsung’да қондаги қанд миқдорини назорат қилиш функцияси

Samsung қондаги қанд миқдорини терини тешмасдан таҳлил қилувчи сенсорни ишлаб чиқиш устида ишламоқда. Компания ушбу ғояни амалга ошириш учун турли хил технологик платформаларни кўриб чиқмоқда.

«Агар биз қон босими ва глюкоза даражасини доимий равишда ўлчай олсак, бутунлай бошқача даражада бўламиз. Айнан шу нарсага барча компаниялар эришмоқчи. Биз ушбу технологияларга катта сармоя киритмоқдамиз», дея таъкидлаган Samsung’нинг мобил соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари Хонг Пак.