Ёзёвонлик Аҳмаджон Исмоилов қарийб 50 йилдан буён лимончилик билан шуғулланади. Дастлаб 1 сотих майдонда иш бошлаган отахоннинг бугун 26 сотих лимонзори бор. “Донаси 1 сўм бўлган пайтда 100 дона лимонни сумкага жойлаб Қўқон, Андижон, Наманган ва Марғилон шаҳарларига олиб бориб сотиб келардим. Иссиқхонага кириб шохларида уюлиб ётган мевасини кўрганимда кайфиятим кўтарилади”, дейди боғбон.

“Асли тарих ўқитувчисиман. 43 йил илгари техникумда ишлардим. 1976 йилда кардионевроз касаллиги билан оғридим. Ўша кезларда Тошкент телеканалида ўзбек лимончилик мактаби асосчиси Зайниддин Фахриддинов ҳақида кўрсатув кўриб қолдим.

Цитрус мева ҳақидаги гапларни, фойдали томонларини эшитиб, лимон боғи ташкил қилиш нияти пайдо бўлди ва шу кундан ҳаракатни бошладим. У пайтлар лимоннинг донаси 1 сўм эди, бу пулга эса 10 та нон сотиб олиш мумкин эди.

Кўчатини ахтариб кўп жойга бордим. Амаллаб топиб 1 сотих жойга 15 туп кўчат ўтқаздим. Бугунга келиб 26 сотих ерда лимон боғим бор. 31 ёшимда касалликка чалинган эдим, ҳозир 78 ёшга кирдим, шукурки, касалликдан буткул фориғ бўлдим. Ҳар куни лимонхонага кириб меҳнатларим самарасини кўриб қувониб кетаман. Лимон сабабли соғайдим, дея таъкидлайди боғбон.

Аҳмаджон Исмоиловнинг ҳикоя қилишича, у аввалига ҳосилни бозорга олиб чиқиб сотишга бироз уялган. Сабаби, у пайтларда ўқитувчининг савдо-сотиқ билан шуғулланиши уят саналган. Аммо кейинчалик бунга кўникиб кетган.
“Биринчи марта 100 дона лимонни узиб, Фарғона шаҳрига бозорга олиб бордим. 2 соатда сотиб тугатдим. Ўшанда лимонларим пули 100 сўм пул бўлди, бир ойлик маошим эса 95 сўм эди. Шундай қилиб бир ойлик маошимни 1 кунда лимондан топиб қўйдим”, дея эслайди отахон.

















