Кўплаб касалликларга олиб келиши айтиладиган шакар айнан қайси жиҳати билан зарарли? Унинг фойдаси кўпроқми ёки зарари? Kun.uzʼнинг янги «Аргумент» лойиҳаси илк сонида мутахассислар шакар ва ширинликлар атрофида айланувчи қатор саволларга жавоб берди.
«Аргумент» лойиҳасининг илк мавзуси шакарга бағишланди. Унда олий тоифали эндокринолог Азиза Юнусова ва диетолог шифокор Феруз Йигиталиев шакар атрофидаги баҳс-мунозаралар ҳақида фикр юритди.
Одам нега шакарга боғланиб қолади?
Азиза Юнусова: — Шакар инсонларни ўзига тобе қилиб қўяди. Шакарсиз маҳсулот еганда тил орқали рецепторлар ўзгача қабул қилади. Шу сабабли озиқ-овқат маҳсулотларининг деярли барчасида шакар бор.
Инсон асосан уч хил маҳсулотни қабул қилиши керак, булар организмда қурилиш маҳсулотлар: углевод, оқсил, ёғ. Углевод эса шакарда бўлади, углевод энергия пайдо бўлиши, бош мия фикрлаши, ишлаши, чарчоқ йўқолиши, юрак ишлаши учун керак бўлади. Лекин меъёр бўлиши лозим. Меъёрдан ортиқча углевод жигар орқали йиғилиб, ёғга айланади. Қанча кўп шакар ейилса, шунча семириш, ёғ йиғилиши пайдо бўлади.
Шакарнинг кунлик истеъмол миқдори
Феруз Йигиталиев: — Бир пайтлар ЖССТ шакар кунлик шакар миқдори 30 гр бўлиши керак деганди. Лекин тана вазнлари, ёш фарқи бор, нега бир хил деган эътироз бўлгач, қайта ишланиб, шакар миқдори одамга керакли кунлик калориянинг 10 фоизидан олмаслиги керак дейилди. 10 фоиз – 160 ккал бўлади, бу эса 40 грамм шакарга тўғри келади, яъни бу ўрта ёшли ўртача вазнли одам учун. Керакли калория ҳам ёш ва вазнга кўра ўзгаради, шунга қараб калориянинг 10 фоизини шакар қилиш мумкин.
Азиза Юнусова: — Менимча, умуман шакар маҳсулотини қабул қилиш керак эмас. Новвот, шакар, асал кабилар биз аниқ биладиган углеводлар, лекин меваларда, овқатда, ичимликларда углеводлар бор. Шакарсиз маҳсулотни топиш қийин ўзи. Кўпчилик олаётган маҳсулотининг таркибини кўрмайди ҳам.
Илгари одамлар шакар истеъмол қилган ва бу зарар қилмаган, чунки улар фаол жисмоний меҳнат қилган, яъни сарфлаётган энергиясига яраша бўлган бу. Лекин ҳозир бундай эмас. Биз қанча кўп ортиқча энергия истеъмол қилсак, шунча кўп касаллик пайдо бўлади.
Семирмасликда шакарнинг ўрни
Азиза Юнусова: — Юқорида айтганимдек, ҳамма маҳсулотда шакар бор. Фақатгина узоқ вақтга мўлжалланмаган маҳсулотларга шакар қўшилмайди, яъни полиз маҳсулотлари, дуккакли маҳсулотлар, айрим сут маҳсулотлари ва бошқа музлаткичда сақланувчи маҳсулотлар.













