“Ўзбекистон ҳукумати ушбу ҳудудда янги йирик лойиҳаларни амалга оширмай туриши, агар амалга оширмоқчи бўлса, Бутунжаҳон мероси марказига техник ҳужжатларни тақдим этган ҳолда зудлик билан хабар бериши тавсия этилади”, – дейилади ЮНЕСКО ҳузуридаги қўмитанинг Kun.uz'га тақдим этган муносабатида. Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси бошлиғи тегишли ҳужжатлар ЮНЕСКОга юбориш учун тайёрланаётганини айтди.

Бухоро тарихий марказининг буфер зонасида Боқий Бухоро маданий-этнографик парки қурилишини келишиш бўйича ЮНЕСКОга ҳали Ўзбекистон томонидан мурожаат келиб тушмаган.

Бу ҳақда қўмита Kun.uz сўровига берган жавобида маълум қилди.

Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 2023 йил сентябр ойида бўлиб ўтган 45-сессиясида Бухоронинг тарихий-маданий аҳамиятга эга ҳудудларини муҳофаза қилиш масаласи кўриб чиқилди. Қўмита ўз баёнотида Ўзбекистон ҳукуматининг қуйидаги қарорини мамнуният билан эътироф этади: Ўзбекистон ҳукумати ушбу ҳудудда қурилиш ишларини давом эттириш ва янги лойиҳаларни бошлашга оид жорий қилинган мороторий муддатини узайтиради; у ердаги объектнинг буфер зонаси яратилади, Бош режа ҳамда Бошқарув дастури тасдиқланиб, Жаҳон мероси марказига топширилгунча ва бу бўйича ижобий жавоб олингунча ишлар тўхтатиб турилади.

Шунга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ушбу ҳудудда янги йирик лойиҳаларни амалга оширмай туриши, агар амалга оширмоқчи бўлса, Бутунжаҳон мероси марказига техник ҳужжатларни тақдим этган ҳолда зудлик билан хабар бериши тавсия этилади.

2023 йил сентябр ойидан буён ЮНЕСКОга Ўзбекистон расмийлари томонидан янги йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳеч қандай маълумот берилмаган”, – дейилади ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси қўмитаси изоҳида.

Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шоҳаббос Шарофиддиновнинг Kun.uz'га айтишича, лойиҳа ҳужжатларини ЮНЕСКОга юбориш жараёни кетяпти.

Туристик марказ, яъни этнографик парк лойиҳасини ЮНЕСКОга юбориш жараёни кетяпти. Бунинг учун тегишли ҳужжатлари бор: маданий меросга бўлган таъсир ҳисоботи, лойиҳанинг тўлиқ варианти каби ҳужжатлар тайёрланяпти. Лойиҳачи ташкилот томонидан ушбу ҳужжатлар тайёр қилингач, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси комиссиясида кўриб чиқилиб, ЮНЕСКОга тақдим этилади ва уларнинг хулосаси олинади.

Бухоронинг мазкур ҳудуди 1993 йилда ЮНЕСКО умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган, мазкур ҳудудда ЮНЕСКО билан келишилмаган бирор бир қурилиш, таъмирлаш ёки ободонлаштириш ишлари амалга оширилмайди”, – деди Шарофиддинов.

Маълумот учун, Бухоро шаҳри марказини бузиш ишлари учун тайёрлаш бошлаб юборилган – у ердаги ташкилотлар бошқа жойга кўчирилган.

Ўтган йили қурилиш вазири Ботир Зокиров ЮНЕСКО билан келишмасдан “битта ҳам мих қоқилмаслиги”ни айтган.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа учун Бухоро шаҳрининг тарихий марказига яқин жойдаги Бухоро шаҳри маъмурий маркази танлаб олинган. Бу ерда – Жалол Икромий, Хамза ва Иброҳим Мўминов кўчалари кесишмасидаги 32,6 гектарлик ҳудудда ҳокимият бинолари, марказий стадион ва бошқа қатор объектлар бузилади.

Туристик мажмуа лойиҳаси ҳақида жамоатчилик 2023 йил январ ойида хабар топганди. Ўшанда айниқса Бухоро марказий стадиони бузилиши масаласи жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган, ўз навбатида ЮНЕСКО бундай катта кўламдаги қурилишни тарихий шаҳарнинг буфер зонасида қилмасликка чақирганди. Шундан кейин вилоят ҳокимлиги баёнот билан чиқиб, лойиҳа учун “бошқа мақбул ер майдонлари танланади” деб эълон қилганди.

Орадан бир йил ўтиб, 2024 йил январда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов лойиҳага “Боқий Бухоро маданий-этнографик парки” деб ном берилгани ва уни аввал режалаштирилган жойда қуришга қарор қилинганини эълон қилди.

Вилоят ҳокимлигига кўра, парк ҳудудидан этнографик музей, Бухоро воҳаси учун хос бўлган тарихий маҳаллалар, чойхоналар, миллий таомлар тамаддихоналари, анъанавий дренаж тизимлари – ариқ ва ҳовузлар, ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналари ўрин олади.

Вилоят бош архитектори Зуҳриддин Муҳиддиновнинг сўзларига кўра, бу мажмуадаги асосий бинолар – жаҳон стандартлари асосида қуриладиган 4 та 5 юлдузли меҳмонхоналар бўлади.

Мадина Очилова тайёрлади
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов