
Фото: SCANPIX/AFP PHOTO/Vera Savina
Россия Марказий сайлов комиссияси сиёсатчи Борис Надеждинга президентлик сайловларида иштирок этишга рухсат бермади. Аввалроқ МСК Борис Надеждин учун берилган имзоларнинг 15 фоизини яроқсиз деб топганди. Сиёсатчининг жамоаси бу яроқсиз имзолар хато сабаб қабул қилинганини исботлай олмаган.
Россия қонунчилигига кўра, 5 фоизгача имзолар хато чиқишига рухсат берилади. Надеждин МСК йиғилишида рўйхатга олинган имзоларни текшириш учун 10 февралгача муддат сўради, аммо комиссия раҳбари Элла Памфилова бунга рухсат бермади. Памфилова сиёсатчига «унинг сиёсий келажаги порлоқ экани»ни айтиб, шахсий партиясини тузишни таклиф қилди.
Надеждин МСКга жами 104 минг 734 та имзо тақдим этган. Комиссия уларнинг 9 147 таси, яъни 8,7 фоизини яроқсиз деб топган. Комиссия раҳбари ўринбосари Николай Булаевнинг айтишича, имзоси қўйилганлар ичида 11 киши аслида вафот этган ва бу «жуда ажабланарли ҳолат».
Россия МСКга кўра, яна 1 767 та ҳолатда имзо йиғувчи имзо тўпловчилар рўйхатида қайд этилмаган, 995 та ҳолатда имзо йиғувчининг маълумотлари нотариал рўйхат билан мос келмаган, 123 та ҳолатда имзо йиғувчи номидан учинчи шахс имзо тўплаган. Шунингдек, Надеждин учун имзо тўплаганларнинг икки нафари сайлов комиссиясида ишлаши ҳам қонунга зидлиги келтирилган.
Булаевга кўра, имзо варақалари аввал сунъий интеллект ёрдамида, кейинроқ 40 нафар эксперт томонидан текширилган. Бу жараёнга 144 соат вақт сарфланган. Жараёнда Надеждиннинг вакиллари қатнашмаган.

Аввалроқ Борис Надеждин унинг сайловда қатнашиши учун 200 минг россиялик овоз бергани, улар орасидан МСКга топширилган 105 мингта имзо айнан муаммоли чиқиб қолмаслиги учун саралаб олинганини айтганди.
Сиёсатчи Украинадаги Россия босиб олган ҳудудларда имзо тўпламаганди, унинг учун хориждаги россияликлар берган имзоларни эса эҳтиёткорлик юзасидан умуман ҳисобга қўшмаганди. Шу тариқа, Надеждин МСКга 105 мингта «идеал имзо» топширганига қарамай, уларнинг 15 фоизи яроқсиз деб топилиб, сиёсатчига Россия президентлиги учун сайловларда қатнашишга рухсат берилмади.
















