Украин армияси яқин вақтлар ичида Донецк чеккасидаги муҳим истеҳкомни — Авдийивка шаҳрини узил-кесил йўқотиши мумкин. РФ қуролли кучлари шаҳарни қуршаб олиш ҳаракатларини 2023-йил октябрида бошлаганди, аммо фақат энди — бир неча ойлик оғир жанглар ва катта йўқотишлардан кейин — ўз мақсадига эришишга яқин турибди. Уларга украин қўшини қаршилигини синдиришда нима ёрдам берди? Ва Авдийивканинг бой берилиши Украина қуролли кучлари учун нимани англатади?

2023-йил охирида Россия қўшини Авдийивкани шимолдан айланиб ўтиб, шаҳардаги украин гарнизонини, шунингдек Авдийивка кокскимё заводини ҳимоя қилаётган гуруҳни ҳам  асосий таъминот йўлидан узиб қўйиш учун уринишлари бесамар кетганди. Бунинг учун улар Степове қишлоғи яқинидаги далалар ва ўрмонзорлардан ўтиб, темирйўл кўтармаларини ортда қолдириши талаб этиларди. Очиқ ҳудуд орқали ҳужумлар фақат катта миқдордаги техникалар ва жонли кучлар қурбон бўлишига олиб келди — бу йўқотишлар эвазига фақат бир неча юз метрга илгарилашга эришилди.

Янги йил бошида РФ қуролли кучлари қўмондонлиги амалиёт шаклини ўзгартирди: қўшинлар энди шаҳарни кокскимё заводидан узиб қўйишга ҳаракат қилмоқда, шаҳар ичкарисидаги гарнизонга таъминот айнан завод ҳудуди орқали келади (бу йўл завод жанубий чеккасидаги Ласточкино қишлоғидан Индустриал проспект бўйлаб жанубга кетади). Авдийивкага асосий кириш жойларидан бири шу йўлда жойлашган — украин ҳарбийлари шаҳарга киришдан олдин анъанага кўра олдида фотосуратга тушадиган стела ҳам (2023-йил декабр ойи охирида президент Володимир Зеленский ҳам шу ерда туриб видеомурожаат йўллаганди). Россия қўшини заводга шарқдан — далаҳовлилардан иборат посёлка орқали зарба берди, бу ҳудудда очиқ далалардан фарқли ўлароқ, украин разведка дронлари ва камикадзе дронларидан яшириниш мумкин.

10-феврал куни қўшимча ниқобланиш имконини «тақдим этган» тумандан фойдаланган РФ қуролли кучлари Авдийивкага ўнлаб бомбалар ташлаган авиация кўмагида ҳал қилувчи ҳужумни бошлади. 14-февралга келиб улар Индустриал проспектга кетиб келишди — ва Авдийивкани кокскимё заводи орқали келувчи асосий таъминот йўлидан узиб қўйди. Уларга қаршилик кўрсатган 110-механизациялашган бригада, унинг зобитлари тан олишича, катта йўқотишларга учраган ва бўлинмаларнинг бир қисми фронт ортига олиб кетилган.

Украина қуролли кучлари хавфли участкага захира кучлар ташланганини эълон қилди — жумладан, 2023-йилда Бахмут жанубидаги Клешчиевка ва Андрийивка аҳоли яшаш манзилларини қайтариб олишда жонбозлик кўрсатган, «Азов» 3-штурм бригадаси ҳам. Ўтган вақт давомида бригада таътил ва сафларини тўлдириш учун фронтдан қайтарилганди — энди эса яна шошилинч тарзда жангга ташланмоқда.

Россия қўмондонлиги рақиб захира кучларини олиб келишига тайёр эди ва узоқ вақтдан буён илк бор бундай амалиётга жиддий тарзда халақит беришга қарор қилди. Бу ҳарбий тилда «ҳарбий ҳаракатлар театрини иҳоталаш» деб аталади — яъни олиб келинаётган қўшинларни фронт чизиғига етишидан олдинроқ бомбардимон қилиш, шунингдек ўқ-дори ташилиши, ярадорлар олиб чиқилишига масофадан туриб тўсқинлик қилишга уриниш ва бошқалар. Сўнгги кунларда Россия авиацияси ва ракета қўшинлари украинларнинг ички ҳудудлари бўйлаб ўнлаб зарбалар йўллади — кокскимё заводидан тортиб шаҳардан 35 километр ғарбдаги ва жануби-ғарбдаги Селидово ва Курахово шаҳарларигача.