ISW’нинг навбатдаги ҳисоботида айтилишича, Россия кучлари Ғарбнинг Киевга ёрдам беришдаги кечикишдан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда ва камида учта юриш амалиёти ўтказмоқда: Харкив ва Луҳанск областлари чегарасида, хусусан, Купянск ва Лиман йўналишларида; Донецк областидаги Авдийивка ва унинг атрофида; ва Запорижжя области ғарбидаги Работине посёлкаси ҳудудида.

Аммо, ISW таҳлилчилари ҳисоблашича, юзага келган вазият Москва истагани каби оддий эмас.

Америкалик экспертлар фикрича, Украина қуролли кучлари Авдийивкани ташлаб чиққанидан кейин, катта эҳтимол билан, шаҳардан ғарброқда янги мудофаа чизиғи барпо этишнинг уддасидан чиққан, бу эса ушбу ҳудуддаги навбатдаги шиддатли жангларга олиб келиши мумкин.

Натижада Россиянинг ҳужумкор операцияси муваффақиятсизликка учраши мумкин, деб ёзмоқда ISW ходимлари.

Ёрдам кечикиши

Украин қўшини Авдийивкадан олиб чиқилгач, ISW ва Украина ҳамда ғарбдаги қатор манбалар келган хулосага кўра, Киевга ҳарбий ёрдам етказиб берилиши чўзилиши, биринчи навбатда — артиллерия снарядлари ва ўта муҳим бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари украин қўшинига Авдийивкани ушлаб туриш имконини бермаган.

Ғарб томонидан етказиб берилган қурол-аслаҳаларнинг кескин танқислиги ва Америка ҳарбий ёрдами тўхтатилиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар украин қўшинини қўлланаётган моддий-техник воситалар ва қурол-яроғлар миқдорини бутун фронт бўйлаб қисқартиришга мажбур қилди.

Катта эҳтимол билан, бундай ўзгариш Россия кучларини вазиятдан фойдаланиб қолишга ва Авдийивка атрофида чекланган ҳужум амалиётлари бошлашга ундади, улар 2024 йил январ ойи бошида Харкив ва Луҳанск областлари чегарасида, сўнгги 48 соатликда эса Запорижжя области ғарбида шу ишни такрорламоқда, деб ёзади ISW экспертлари.

Зеленский душанба куни Украина ҚКнинг Купянск йўналишидаги позициясига ташриф буюрди

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский украин қўшини Россиянинг бир неча ойлик шиддатли ҳужумларидан кейин қуршовга тушмаслик учун Авдийивкадан чиққанини маълум қилган.

Россия томони украин кучлари тартибсиз чекингани ва уларда Авдийивкадан ғарбда олдиндан тайёрланган янги мудофаа марралари бўлмагани тўғрисида даъво қилган бўлса-да, буни тасдиқлайдиган далиллар мавжуд эмас.

ISW таҳлилчилари тахмин қилишича, Москва юзага келган оператив вазиятни нотўғри баҳолаган. Қолаверса, улар украин қўмондонлиги яқинда Авдийивкага қарши ҳужумлар ўтказиш ва шаҳар ичкарисидаги қўшин чекиниши учун хавфсиз йўлак таъминлаш мақсадида қўшимча кучлар олиб келганига эътибор қаратган.