Ўзбекистондаги энг йирик ерости газ сақлаш омбори – Газли иншоотининг ҳажми 2025 йилга қадар 10 млрд кубга етказилади. Бу – ҳукуматнинг “2024 йил I чорагига мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.
2020-2025 йилларга мўлжалланган лойиҳа доирасида қуйидагилар режалаштирилган:
- газни ерости газ иншоотида сақлаш — 10 млрд куб метргача,
- табиий газ қазиб олиш — 1,1 млрд куб метргача,
- нефт қазиб олиш — 114 минг тоннагача оширилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати – 557,4 млн доллар. Хорижий ҳамкор ва кредитор – “Daxon Нoldings Limited”.
Газли газ сақлаш иншооти ҳақида
2017 йилда Газли омборининг газ ишлаб чиқариш қуввати 3 млрд куб метрга тенг бўлган. Ҳукумат ўша вақтда хорижий ҳамкорлари билан биргаликда омбор қувватини 10 млрд куб метргача оширишни режалаштираётганини маълум қилганди.
Президентнинг 2018 йил 3 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Форус” АЖ (Россия Федерацияси) ҳамкорликда “Gazli Gas Storage” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона таъсис этилган.
МЧЖнинг 60 фоизига “Форус”, 40 фоизига “Ўзтрансгаз” эгалик қилади.
“Gazli Gas Storage” МЧЖ ҚКнинг асосий вазифаси Газли конининг газ горизонтлари ва нефт қатламларини қўшимча қидириш ва қўшимча ишлаб чиқиш билан комплекс равишда кон мажмуасидаги ерости газ омбори газ сақлаш ҳажмларини ошириш ҳисобланган.
2022 йил охирида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Kun.uzʼга берган интервьюсида Ўзбекистонда мавжуд 2 та газ газ сақлаш омбори (Андижоннинг Хўжаобод туманида ва Газлида)дан кунига 20 млн куб метр атрофида ёзда ҳайдалган газ ажратиб олинаётганини маълум қилганди.










