Ўзбекистон | 16:34 / 23.02.2024
4823
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида майнинг ферма 3 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани аниқланди

Тошкент вилоятида хонадон ертўласида майнинг ферма ташкил қилган фуқаро 3 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани маълум бўлди.

Фото: «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати

Тошкент вилоятидаги хонадонда майнинг қурилмаларни яширин йўл билан электр тармоғига улаб, ноқонуний фойдаланиб келиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент туманида истиқомат қилувчи фуқаро С.Р. ўз хонадонининг ертўласида майнинг қурилмаларни ҳисоблагичдан ташқари яширин йўл билан электр тармоғига улаб, ноқонуний равишда фойдаланиб келган.

Ушбу ҳолат бўйича дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, электр таъминоти корхонаси томонидан 3 миллиард 2 миллион сўм миқдоридаги ҳисобга олинмаган электр энергияси қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим этилган.

Маълумот учун, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан ДХХ, Бош прокуратура ҳамда электр таъминоти корхонаси ходимлари билан ҳамкорликда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш учун мунтазам равишда тезкор назорат тадбирлари олиб борилмоқда. 

Бош прокуратура мамлакатда энергетика соҳасига оид бирор-бир қонун бузилишига гувоҳ бўлганлар хабар бериши учун махсус Telegram-ботни ишга туширган. Ушбу бот орқали ҳам шундай қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида хабар бериш мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид