Охирги вақтларда Европанинг кўплаб давлатларида минтақадаги асосий озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар бўлмиш фермерлар ўз ҳукуматларига кескин эътирозларини билдириб келмоқда. 26 феврал куни Белгия пойтахти Брюсселда жойлашган Европа Иттифоқи биноси яқинида йирик агронамойиш бўлиб ўтди.

900 та трактор билан «қуролланган» фермерлари Брюсселдаги Европа кварталини тўсиб қўйишди. Улар намойиш учун иттифоққа аъзо давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашув вақтини танлади.

Фото: AP

Охирги вақтларда бундай намойишлар бутун Европа бўйлаб ўтказилмоқда. Хўш, европалик фермерлар нимадан норози бўлмоқда?

Европа деҳқонлари қишлоқ хўжалиги сектори учун бериладиган субсидиялар бекор қилинишига кескин қарши. Фермерларнинг айтишича, уларнинг даромадлари инфляция ва бошқа сектордагилар даромадларига мутаносиб тарзда ўсмаяпти.

Европа давлатлари фермерларга узоқ йиллар давомида жуда кўп қулайлик, имтиёзлар тақдим этиб келди. Масалан, уларга дизел ёнилғиси учун субсидия берилади, ҳар бир гектар ер учун қўшимча пул тақдим этилади ва яна кўплаб чегирмалар берилади.

Фото: Reuters

Украинадаги уруш сабаб мудофаа харажатларини кескин оширган Европа ҳукуматлари эса нима қилиб бўлса ҳам бюджет пулларини тежаш пайида. Масалан, бу имтиёзлар бекор қилиниши Германия бюджетининг ўзига йилига 480 миллион евро тежаш имконини беради.

Брюсселдаги намойишларда асосан Белгия, Франция ва Германиядан келган фермерлар қатнашди. 900 та трактор билан «қуролланган» фермерлар эркин савдо бўйича келишувни бекор этишни талаб қилмоқда. Шунингдек, улар бюрократик тўсиқлар кўплигидан ҳам норози. «Фермер даладан кўра компютер олдида кўпроқ вақт ўтказишга мажбур бўлмоқда», деган намойишчилардан бири.

Брюсселдаги намойишларга етиб келган италиялик фермерлар сариқ жикет ва соябонда марш ўтказишди
 Фото: AP Photo / Harry Nakos