Ўзбекистон | 12:52 / 05.03.2024
2890
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЖБнинг «Аёллар, бизнес ва қонун индекси»да катта ислоҳотларни амалга оширган 5 таликка кирди

Жаҳон банкининг 2023 йил якунлари бўйича эълон қилинган «Аёллар, бизнес ва қонун индекси» ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 48 поғонага юқорилаб, 82,5 балл билан 190 та давлат орасида 91-ўринни эгаллади. 

Фото: Kun.uz

Рейтингдаги ўринни яхшилаш мақсадида мазкур масала парламент назоратига ҳам олинган эди. Ушбу масала Сенат Кенгаши мажлисларида муҳокама қилиб борилди, тегишли қарорлар қабул қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Бугун мамлакат мазкур индексда Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича муҳим ислоҳотларни амалга оширган 5 та давлат қаторига киритилди. Хусусан, давлат раҳбари бошчилигида Ўзбекистонда амалга оширилган 4 та муҳим ҳуқуқий ислоҳот индекснинг «Меҳнатга ҳақ тўлаш» ва «Оила» индикаторларидаги кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатиб, максимал 100 баллдан баҳоланди.

Жумладан:

  • тенг қийматли меҳнат учун эркаклар ва аёлларга тенг миқдорда ҳақ тўланишини кафолатловчи қоидалар қабул қилинди;
  • саноатда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинди;
  • саноатда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинди;
  • ноқулай меҳнат шароитларига эга ёки хавфли бўлган тармоқларда аёлларга эркаклар каби меҳнат қилиш имконияти яратилган;
  • аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилди.

Ҳисоботда Ўзбекистон Сингапур, Туркия ва БАА билан бир хил балл тўплаб, Марказий Осиёда энг яхши натижа кўрсатган мамлакат сифатида эътироф этилди.

Мавзуга оид