2024 йил 29 феврал тонги нохуш хабар билан бошланди: Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирида соатига 197 километр тезликда ҳаракатланган Tracker машинаси автобус билан тўқнашди. Оқибатда, унинг 18 ёшли ҳайдовчиси вафот этди.

Хабар тарқалгач, кўпчиликда савол туғилди, ЙПХ ходимлари ва бошқа мутахассислар Tracker машинасининг соатига 197 километр тезликда ҳаракатланганини қаердан билишди?

Жавоб оддий эди: Tracker’нинг спидометридаги тезликни кўрсатувчи стрелка шу рақамда қотиб қолганди.

Бу мақолада нега аварияга учраган машинанинг спидометри қайсидир рақам устида қотиб қолади ва ўша рақам чиндан ҳам унинг охирги тезлигини кўрсатадими, деган саволга жавоб излаб кўрамиз.

Стрелка қотиб қоладими?

Ҳа, жиддий ва оғир оқибатларга олиб келган йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлганда аксарият ҳолларда машина спидометридаги тезлик кўрсаткичи қотиб қолади.

Хўш, нега у қотиб қолади? Бунга асосан ЙТҲ чоғида машинани электр токи билан таъминловчи симларнинг ишдан чиқиши ёки машина двигателининг кескин тўхтаб қолиши сабаб бўлади.

Масалан, машина ҳаракатланиб кетаётганда фавқулодда вазият содир бўлиб, электр таъминоти бирданига узилса спидометр ишлашдан тўхтайди ва стрелка қайси рақам тепасида бўлса, ўшанда қотиб қолади.

Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда машинанинг электр симларига зарар етмасаю, двигател кескин равишда ишлашдан тўхтаса бу ҳам тезлик кўрсаткичининг қотиб қолишига сабаб бўлади.

Шундай ҳолатларда ЙТҲни ўрганаётган орган ходимлари тезлик кўрсаткичи қотиб қолган рақамларга қараб «авария»дан аввал машина соатига неча километр тезликда ҳаракатланиб келганини, кўпгина ҳолларда авария сабабчисини шунга қараб аниқлашади.

«Авария»дан сўнг қотиб қолган тезлик кўрсаткичи кўрсатиб унинг кўрсаткичига ишонса бўладими? Мутахассисларнинг аксарияти ишонса бўлади, дейишади. Чунки тезлик кўрсаткичи соатига 2-3 километрга адашиши мумкин. Фарқ максимум соатига 5 километр бўлиши мумкин. Қотиб қолган тезлик кўрсаткичи кўрсатиб турган рақамлар ҳақиқатдан узоқ бўлмайди.

Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгач, томонлардан бири қотиб қолган тезлик кўрсаткичига ишонмаслигини даъво қилса спидометр экспертизадан ўтказилади. Лекин бундай ҳолат камдан кам бўлади.

Шунингдек, ҳозирда дунёнинг йирик автомобилсозлари томонидан ишлаб чиқарилаётган барча замонавий машина моделлари ҳайдовчининг хулқ-атвори, машина тезлиги, манёврлари ва бошқа маълумотларни тўплайдиган махсус қаттиқ диск — худди самолётларникидек «қора қути» билан жиҳозланган.