Германия, АҚШ ва Британияда бундесвернинг юқори мартабали зобитларининг суҳбати сиздирилиши оқибатларини муҳокама қилиш давом этмоқда, зобитлар суҳбат давомида Қримдаги Керч кўпригига ракета зарбалари бериш истиқболлари, украин ҳарбийларини тайёрлашнинг ўзига хосликлари ва Украина ҳудудида ғарблик ҳарбийлар бўлиши мавзуларини муҳокам қилишган. BBC рус хизмати бу суҳбат аудиоёзуви сизиб чиқиши қандай сабабларга кўра рўй бергани ва Россия нима учун уни эълон қилишга қарор қилганини аниқлашга ҳаракат қилди.

Ўзи нима бўлди?

1 март тонгида Россиядаги RT давлат телеканали бош муҳаррири Маргарита Симонян унга Германия қуролли кучларининг юқори мартабали зобитларининг суҳбати аудиоёзувини етказишгани ҳақида хабар қилди. Симоняннинг сўзларига кўра, улар гўёки «Қрим кўпригини қандай бомбардимон қилиш»ни ва буни «Шолц бунинг менга дахли йўқ қабилида гапиришда давом этиши»ни таъминлаш учун қандай амалга ошириш лозимлигини гаплашишган.

Кейинроқ Симонян немис тилидаги мулоқотнинг 38 дақиқалик аудиоёзувини ҳамда унинг рус тилидаги таржимасини эълон қилди. RT версиясига кўра, 19 феврал куни ўтказилган суҳбатда бундесвер ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигининг амалиётлар ва машғулотлар бўлими бошлиғи Франк Грефе, ҳарбий-ҳаво кучлари инспектори Инго Герҳартц ва бундесвер космик қўмондонлиги ҳаво амалиётлари маркази ходимлари иштирок этган.

Агар аудио тўлиқ эшитиб чиқилса, ҳарбийлар Қрим кўприги бўйлаб зарба бериш режаларини эмас (уни “шарқдаги кўприк” деб аташган), балки Украинага Taurus ракета тизимларини етказиб бериш ва Киев бу ракеталардан қандай фойдаланиши мумкинлиги каби масалаларни муҳокама қилгани аён бўлади.

Суҳбатдошлар агар Германия канцлери Олаф Шолц шундай қарор қабул қилса, Taurus Украинага қайси муддатда етказиб берилиши мумкинлиги, украин артиллериячилари қаерда ўқитилиши ва Германия қуролли кучлари вакилларининг бундаги иштироки қандай бўлиши ҳақида гаплашишган.

Шунингдек, мулоқотда Киев Taurus ёрдамида ҳужум қилиши мумкин бўлган қатор нишонлар, жумладан ўқ-дори омборлари ва «шарқдаги кўприк» тилга олинган:

«Биз бу масалани чуқур ўрганиб чиқдик, афсуски, кўприк ўз катталиги билан учиш-қўниш полосасига ўхшаш деган хулосага келдик. Шу туфайли унга 10 ва ҳатто 20 та ракета етарли бўлмаслиги мумкин», — деган суҳбат иштирокчиларидан бири.

Шу билан бирга, мулоқот иштирокчиларидан бири Британия ва АҚШ Киевга ғарб томонидан етказиб берилаётган мураккаб қуролларни бошқариш ва хизмат кўрсатишда ёрдам бериш учун маълум миқдордаги ҳарбийларини Украинада жойлаштирганини айтиб ўтган.