13:15 / 19.03.2024
10989

Тошкентда 9-синф ўқувчиси PUBG аккаунтини сотишини айтиб, фирибгарлик содир этгани аниқланди

PUBG аккаунтини сотишини айтиб, фуқаронинг пулларини “ухлатган” бола 9-синф ўқувчиси бўлиб чиқди.

Тошкент шаҳри, Чилонзор туманида яшовчи 26 ёшли Х.С. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 550 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Янгиҳаёт туманида яшовчи 15 ёшли А.Ф. содир этганлиги аниқланди.

Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган А.Ф., жабрланувчи Х.С. билан “Телеграм” мессенжерида танишиб, PUBG аккаунтини сотиши ҳақида айтиб, уни алдаган ва ўз фойдаланувида бўлган банк картасига 550 000 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб олган ҳамда ёзишмаларни ўчириб юбориб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Ф.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Top