Ўзбекистон | 15:59 / 22.03.2024
5632
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Британия даволаш педагогикаси соҳасида ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Челси жамоат касалхонаси мактаби (Chelsea Community Hospital School – CCHS) директори Жанетт Стил билан учрашди.

Фото: Дунё

"Дунё" хабарига кўра, Жанетт Стил республикада узоқ муддат даволанаётган болалар учун тўлақонли, тўсиқларсиз таълим муҳитини яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Zamin халқаро жамоат фонди томонидан Ўзбекистонда даволаш педагогикасини ривожлантириш бўйича илк лойиҳа – "Меҳрли мактаб" алоҳида эътиборга лойиқ.

"Ўзбекистонда тўлақонли ўқув жараёни ташкил этилган, беморларнинг тўхтовсиз даволанишига имкон берувчи мактабларнинг пайдо бўлиши ўз вақтида амалга оширилган ишдир", – дейди у.

Жанетт Стил "Меҳрли мактаб" фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида CCHS Zamin халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Учрашув якунида CCHS раҳбарияти ва Zamin халқаро жамоат фонди ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилиш учун онлайн учрашув ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

1989 йилда ташкил этилган CCHS соғлиғи ёки руҳий касалликлар туфайли оддий мактабга бора олмайдиган 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга ихтисослаштирилган таълим хизматларини тақдим этади.

Мавзуга оид