Қирол Чарлз III ва унинг келини Кейтнинг касаллиги аввалига ижтимоий тармоқларда, кейинроқ катта нашрларда миш-мишлар тўлқинини келтириб чиқарди. Турли манбалар қирол ўлгани ҳақида, Уэлс маликаси омма қаршисида чиқиш қилмаётгани унинг турмуш ўртоғи, шаҳзода Уилямнинг хиёнати билан боғлиқ экани ҳақида ёзишди. Бу борада ҳеч қандай расман тасдиқланган маълумот йўқ, бу фақат оила ҳали ҳам дунёдаги энг машҳур оила бўлиб қолаётганини тасдиқлайди — чунки оила ҳақидаги миш-мишлар ҳам ижтимоий тармоқларда глобал трендга айланмоқда.

Ҳозир чиндан ҳам қироллик хонадони учун энг яхши дамлар эмас. 2024 йил январида сарой Уэлс маликаси, валиаҳд шаҳзода Уилямнинг рафиқаси қорин бўшлиғидан операция қилингани, камида икки ҳафта клиникада қолиши ва Пасха байрамига қадар маросимлардаги мажбуриятларини бажара олмаслигини хабар қилди — бу йил байрам март ойининг сўнгги дам олиш кунларига тўғри келади.

Жарроҳлик амалиёти январ ойи ўрталарида қилинган. Қироллик саройи расмий хабарида барчаси яхши ўтгани айтилган.

Аммо ёқимсиз ҳолатлар шу билан барҳам топмади. Феврал ойи бошларида қирол Чарлз III саратонга чалингани маълум бўлди. Қирол яқинда простата бези аденомасидан даволанганди, аммо шифокорлар саратон бу билан боғлиқ эмаслигини айтишди. Сарой ўшанда ҳам максимал даражада умумий иборалар билан чекланиб, қирол «даволаниш курсини ўтай бошлагани», қўрқинчли ҳеч нарса йўқлигини билдирган, аммо бу унинг маросимлардаги мажбуриятларини бажаришига қанчалик таъсир кўрсатиши ҳақида тўхталмаганди.

Март ойигача вазият тинч бўлиб турди. Аммо кейин Кейт уч фарзанди билан бирга фотосуратини намойиш этганидан кейин дарҳол жаҳондаги етакчи нашрлар назарига тушди: суратда фотошоп белгилари аниқланганди.

Кенсингтон саройи тарқатган фотосуратнинг тўлиқ версияси. Унда малика Шарлоттанинг чап қўли ноодатий жойлашган.
George Roges / SIPA / Scanpix / LETA

Уэлс маликаси узр сўраб, фотосуратни қайта ишлашга берилиб кетганини айтди, аммо бу оқибатларни келтириб чиқарди. BBC’нинг қироллик ишлари бўйича мухбири Дэниэл Рэлф Буюк Британия аҳолисини тинчлантириш учун эълон қилинган фотосурат аслида тескари эффект берганини айтди.

Фақат агар Рэлф энди фотонинг ҳар бир детали микроскоп билан кўриб чиқилишини айтган бўлса, оқибатлар анча жиддийроқ бўлиб чиқди: ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари унинг фотосуратини ўрганишди, кейин эса оиланинг бошқа аъзоларига ўтишди.