Якшанба куни Туркияда умуммиллий муниципал сайловлар бўлиб ўтади. Истанбул асосий «жанг майдони»га айланади, бу ерда президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ва унинг Адолат ва тараққиёт партияси мухолифатчиларнинг сайловчилар орасидаги машҳур мэри Акром Имомўғлидан реванш олишга ҳаракат қилади.

Истанбулдаги сайлов натижалари мухолифатчилар 2028 йилги президентлик сайловларида Эрдўған учун қанчалик жиддий хавф туғдира олишини ҳам кўрсатиб беради. BBC Туркиядаги навбатдаги сайловларни таҳлил қилди.

***

Истанбул Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған учун алоҳида аҳамиятга эга.

Бу нафақат у туғилиб ўсган шаҳар, балки сиёсий фаолиятини ҳам 1970-йилларда шу ерда бошлаган: аввалига у Миллий нажот партиясининг Қосимпошо кварталини ҳам ўз ичига олувчи Бейўғли туманидаги ёшлар бўлимига раҳбар бўлган — бу ҳудудда асосан ишчи синф вакиллари яшайди ва Эрдўған ўз болалигини шу ерда ўтказган.

Кейин у сиёсий зинапоялар бўйлаб кўтарила бошлайди, Истанбул мэри ва бош вазир бўлади, кейин эса Туркия президентига айланди.

Эрдўған Истанбул кўчаларида улғайган, Қосимпошодаги футбол майдонларида ва тарихий Эминўну туманида сув ва кунжутли булочка сотиб пул ишлаб топган.

Ражаб Эрдўған ўз сиёсий фаолиятини Истанбулда бошлаган ва энди шаҳарни ўз назоратига қайтармоқчи. Фото: Getty Images

«Эрдўғаннинг шахсияти Истанбул билан белгиланган», — дейди Истанбулдаги Медипол университети коммуникациялар факултети ходими ва Genar сиёсий тадқиқотлар маркази раиси Эҳсон Оқтош.

«Истанбул — унинг уйи. 2019 йилги маҳаллий сайловларда мухолифатга ютқазиш унинг учун фалокат бўлганди», — дея қўшимча қилади Оқтош Адолат ва тараққиёт партияси ва унинг ўтмишдошларининг шаҳардаги 25 йиллик бошқарувига чек қўйган муниципал сайловлардаги мағлубиятни назарда тутиб.

2019 йилги сайловларда Эрдўғаннинг одамини енгган номзод Жумҳурият халқ партияси (республика партияси) вакили, харизматик Акром Имомўғли бўлганди ва ҳозирга қадар шаҳарни бошқариб келади.