Ғазодаги вазият
Ғазода Исроил агрессияси қурбонлари сони 32 минг 975 кишига етган. Бу ҳақда Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот берган. Урушнинг 179-кунига келиб, яраланганлар сони 75 минг 577 нафарга етган
Сўнгги сутка ичида исроиллик ҳарбийлар 5 та оммавий қирғинни амалга оширган. Натижада 59 киши қурбон бўлган, 83 киши яраланган.
2023 йилнинг 7 октябридан буён Фаластинда қурбон бўлган журналистлар сони 140 нафарга етган.
БМТ болалар фонди — UNICEFʼнинг бош директори ўринбосари Тед Чайбанга кўра, Ғазодаги болаларнинг тенг ярми озиқ-овқат етишмовчилигига дучор бўлган. Ўнлаб болалар очликдан вафот этган.
Исроил парламентига ҳужум
ҲАМАС томонидан асирга олинганларнинг оилалари Исроил парламенти — Кнессетнинг молиявий комиссияси мажлисига бостириб киришди ва Ғазода ўт очишни тўхтатишни талаб қилишди.
Сўнгги вақтларда Нетаняҳу маъмуриятига қарши намойишлар тобора фаоллашмоқда. 7 октябрдан сўнг шанба кунлари мунтазам ўтказиладиган намойишлар анча тинчиб қолган эди. Бироқ 30 март, шанба куни ҳукуматга қарши энг йирик норозилик намойиши бўлиб ўтди. Сўнгги намойиш полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди ва ўнлаб намойишчилар ҳибсга олинди.
Ўшандан буён намойишлар узилмасдан давом этмоқда. Намойишчилар Ғарбий Қуддусдаги парламент биноси олдига шиорлар ва машъалалар ушлаганча йиғилишган ва улар янги сайловлар ўтказишни талаб қилиб, Нетаняҳуни гаровдагиларни озод қилиш бўйича келишувларга монелик қилишда айблаган.
Эроннинг Исроилга ҳужуми?
Исроил томонидан Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги йўқ қилиниши ва унда Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг бир нечта олий мартабали аъзолари ҳалок бўлганига жавобан Эрон кейинги 48 соат ичида Исроилга ҳужум қилиши мумкинлиги хабар қилинмоқда. Бу ҳақда АҚШ Бош разведка бошқармаси гўёки Исроилни огоҳлантирган, деб хабар бермоқда Эронга яқин медиалар.
Эрон Ливан, Ироқ ёки Ямандаги прокси гуруҳлар орқали эмас, ўз ҳудудидан учирилган пилотсиз парвоз қурилмалари галаси ва қанотли ракеталар билан Исроил ҳудудидаги стратегик объектларга комбинацион зарба беришни мўлжалламоқда, деб хабар берган Исроилнинг 12-телеканали.














