Хитойда кексалар сони ортиб боряпти. Иқтисодиётнинг секинлашиши, давлат имтиёзларининг қисқариши, ўнлаб йиллар давом этган бир болалик сиёсати демографик инқирозни келтириб чиқарди.

Пенсия қозони қуриб боряпти, мамлакатда эса сони ортиб бораётган қарияларга ғамхўрлик қилиш учун жамғарма яратишга вақт кам.

Кейинги 10 йил ичида ҳозир 50-60 ёш оралиғида бўлган 300 млн хитойлик пенсияга чиқади ва меҳнат бозорини тарк этади. Бу мамлакатнинг энг катта ёш гуруҳи, қарийб бутун АҚШ аҳолиси сони билан тенг.

Уларга ким ғамхўрлик қилади?

Асрлар давомида Хитойда қари ота-онага қараш фарзандларнинг зиммасида бўлиб келган. Бироқ 1980 йилдан то 2015 йилгача бўлган муддатда олиб борилган "Бир болалилик сиёсати" ота-оналар суяна оладиган фарзандларнинг камайиб кетишига сабаб бўлди. Уларда 2-3 нафар эмас, атиги бир нафар ўғил ё қиз фарзанд бор.

Жадал иқтисодий ўсишлар сабаб ёшлар ҳам ота-оналаридан узоқроққа кўчиб кетишган. Оқибатда, ўз-ўзига ғамхўрлик қилиши, ҳукуматдан ёрдам олиши керак бўлган кексалар сони ошган.

Лекин пенсия фонди маблағлари 2035 йилга бориб тугаб қолиши мумкин. Бу Хитой иқтисодиётига жиддий таъсир қилган пандемиядан олдинги, 2019 йилги прогноз эди.

Бу вазиятда Хитой ҳукумати ҳам неча йиллардан бери кўриб чиқилаётган пенсия ёшини ошириш сиёсатини амалга ошириши мумкин. Ҳозирда Хитой жаҳондаги энг паст пенсия ёши белгиланган давлатлардан бири. Мамлакатда эркаклар 60 ёшда, офис ходими бўлган аёллар 55 ёшда, ишчи синф аёллари эса 50 ёшда нафақага чиқади.

Тажрибадаги қариялар уйи

"Уйимизга хуш келибсиз!" дейди қариялар уйида яшайдиган 78 ёшли Фенг буви. У турмуш ўртоғи билан бирга яшаётган Sunshine қариялар уйи 1,3 минг резидент учун мослаб қурилган. Бу ерда 20 нафар ёшлар кексаларга ғамхўрлик қилиш шарти билан текинга яшайди. Баъзи хусусий компаниялар маҳаллий ҳукуматга тушадиган юкни камайтириш учун ғамхўрлик марказини қисман молиялаштиради.

Бу Хитой ҳукуматининг қарилик муаммоси билан курашиш учун синаб кўраётган тажрибаси. Sunshine қариялар уйи жанубий Хитойда, Ханчжоуда жойлашган.